English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳоким ёрдамчиси қандай тамойиллар асосида фаолият олиб бориши лозим?
12:46 / 2022-09-21

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ҳоким ёрдамчилари, бу – Президентнинг маҳаллалардаги вакили бўлиб, улар ҳар куни аҳоли билан ишлаб, одамларга давлат томонидан яратилаётган молиявий имкониятларни етказиши, қолаверса, тадбиркорлик ва деҳқончиликка ўргатиш орқали камбағалликдан чиқишига хизмат қилувчи инсондир.

Хўш, ҳудудларда мазкур лавозим эгаларининг фаолияти қандай кечмоқда?

Маълумки, тадбиркорлик билан шуғулланиш нияти мавжуд бўлмаган аҳоли учун ўша маҳаллада амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ёки янги очилаётган ташкилотлардан уларга иш ўрни топиб бериши зарур ҳисобланади.

Наманган вилояти Поп тумани Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳудудий бошқармаси, МФЙ ҳоким ёрдамчилари томонидан ўз ҳудудларидаги ишсиз, аммо, ҳунарга интилувчан аҳоли ҳаёти ўрганиб чиқилди ва берилган тавсияларга кўра 32 нафар фуқарога субсидия асосида тикув машиналари тарқатилди.

– Боқувчимни йўқотганман, 2 нафар фарзандим билан рўзғор юритишга қийналиб тургандим, – дейди «Исковут» маҳалласида яшовчи Шаҳноза Бойматова. – Мана, чок машинали бўлдим, энди ҳунаримни маҳалладаги аёлларга ҳам ўргатаман.

Бўлиб ўтган маросимда туман сектор раҳбарлари, маҳаллабай ишлаш маркази ва ҳоким ёрдамчилари иштирок этди.

Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани «Эсат» МФЙ ҳоким ёрдамчиси Равшан Суюнов томонидан фуқаро Дилдор Норқобиловага ўзини ўзи банд қилиш мақсадида кредит асосида тикувчилик ускунаси олиб берилди. Эътиборли томони шундаки, мазкур фуқаро ҳоким ёрдамчиси томонидан касбга йўналтирилиб, тикувчиликка ўқитилди ҳамда фаолиятини бошлаши учун махсус сертификат топширилди.

Шунингдек, Қашқадарё вилояти Қамаши тумани «Самарқанд» маҳалласида фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан «Шодлик» кўчасида янги корхона фаолияти йўлга қўйилди. Корхонада 3 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Тадбиркор Ибодулла Исматуллаев раҳбарлигидаги мазкур корхонада ҳозирда "Shodlik" бренди билан идиш ювиш геллари ва хўжалик совуни ишлаб чиқарилмоқда.

Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Алишер Қодиров ҳамда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Жамшид Раҳмонқулов иштирокида Шаҳрисабз шаҳридаги «Тутзор», «Янги Ҳаёт» ва «Яшил Диёр» маҳаллаларидаги ҳоким ёрдамчилари томонидан  аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган фаолиятлар хонадонбай юриб ўрганилди. Ўрганишлар давомида Шаҳрисабз туманидаги 40 та маҳаллада фаолият юритиб келаётган ҳоким ёрдамчилари билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Мулоқот давомида жорий йилнинг ўтган даври давомида амалга оширилган ишлар қайд этилди ҳамда бўш турган бинолардан мақсадли фойдаланиш, янги лойиҳа таклифини тайёрлаш, «Маҳаллабай», «Хонадонбай» ишлаш тизимини йўлга қўйиш борасида ҳоким ёрдамчиларига зарур тавсия ва топшириқлар берилди.

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи З.Оллақулиев бошчилигида Урганч туманидаги «Адолат» маҳалласининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси Ж.Жуманазаров томонидан аҳолини яшаш шароитини яхшилаш борасида амалга оширган ишлари ўрганилди.

Узоқ муддатли ижарага ажратилган ерларга борилиб, аҳолининг ўзига ажратилган ерлардан самарали фойдаланиб келаётгани текширилди. Хусусан, фуқаро О.Қуранбаевга электрон аукцион орқали 2022 йил март ойида 12 сотих ер ажратилганлиги, ҳозирда оиласининг асосий даромади шу ердан эканлиги, бугунги кунда иккинчи ҳосилга кўкатлар, кўк пиёз, аччиқ қалампир етиштириб, ички бозорга тарқатаётгани маълум бўлди.

Ҳоким ёрдамчилари маҳалланинг чинакам суянчи ва таянчига айланиши лозим. Ана шундагина аҳолини ҳаётдан рози қилишдек эзгу мақсадга эришиши мумкин.



Муҳайё Тошқораева,

ЎзА