Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳоким ёрдамчиси: “Маҳаллада бирорта ҳам ишсиз киши қолмайди”
11:27 / 2022-06-04

Андижон вилояти Булоқбоши тумани Қумгузар маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Элмурод Мирзахоновнинг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида амалга ошираётган ишлари ўз самарасини бермоқда.

Айни кунда Қумгузар маҳалласининг Буюк келажак, Намуна, Барҳаёт ва Чаманзор кўчаларидаги 1 минг 107 та хонадонда 4 минг 800 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла ҳудудида 3 та фермер хўжалиги, 24 та тадбиркорлик субъекти, 68 та ҳунарманд фаолият олиб бормоқда.

– Фаолиятим давомида аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратяпман, – дейди ҳоким ёрдамчиси Элмурод Мирзахонов. – Январь ойида маҳалламиз ҳудудида 171 нафар ишсиз фуқаро қайд этилган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг 123 тасининг бандлиги таъминланди. Қолган 48 нафар фуқаро ҳам бир ой ичида иш билан таъминланади. Йилнинг биринчи ярми якуни бўйича маҳаллада бирорта ҳам ишсиз киши қолмайди.

Таъкидлаш керакки, туман ҳокимлиги, маҳалла мутасаддилари ҳамда тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда ҳақиқатдан ҳам маҳаллада эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, маҳалла ҳудудидан 30 сотих ер ажратилиб, микросаноат маркази ташкил этилди. Марказга 12 та лойиҳа жойлаштирилиши белгиланган бўлиб, бугунги кунда уларнинг олтитаси ишга туширилди.

– Мебель цехи ташкил этиб, иш бошлаганимизга олти йил бўлди, – дейди тадбиркор Хайрулло Маматалиев. – Аввал ўз хонадонимизда иш олиб борар, жойимиз торлигидан анча қийналар эдик. Мана энди микросаноат марказидан жой ажратиб берилди. Энди шу ерда фаолият олиб боряпмиз. Бир неча турдаги мебелларни тайёр ҳолга келтириб, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларидаги ҳамкорларимизга юборамиз. Улар тайёр жиҳозларни йиғиб, мебель ҳолига келтириб, бозорга чиқаради. Бажарган ишига қараб ҳар бир ишчи ўртача 2-2,5 миллион сўмдан ойлик иш хақи олади, цехимизда бепул тушлик қилиб берилади. Бундан ташқари, маҳалламиздаги мебель тайёрлашга қизиқувчи мактаб ўқувчилари дарсдан бўш пайтларида цехимизга келиб, “устоз-шогирд” анъанаси асосида ҳунар ўрганишади. Шу тарзда ёшларимизга ҳунар ўргатиб келяпмиз.

Жорий йилнинг ўтган даврида мебелчилик, тикувчилик ва ҳунармандликнинг бошқа йўналишида фаолият олиб бораётган маҳалладаги 6 нафар ҳунармандга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши, фаолиятини кенгайтириши учун банклардан 178 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олинишига кўмаклашилди. Бунинг ҳисобига 43 та янги иш ўрни яратилди.

– Ўзим чеварман, болалар ва аёллар либосларини тикаман, – дейди Юлдузхон Обидова. – Маҳалламизда иш олиб бораётган ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан ҳунарманд сифатида рўйхатдан ўтдим, “Халқ банки” туман бўлимидан 30 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, бир нечта тикув машинаси сотиб олдим, тадбиркорлик фаолиятимни бошладим. Мижозларим янада кўпайди, топаётган даромадим ҳам ортди. Энг асосийси, ёш қизларни шогирд сифатида ҳунар ўрганишга жалб этаяпман.

Шунингдек, ўз хонадонларида уй боғча ташкил этган Хуршидбек Ғозиев ва Мадинахон Мадиёровага зарур жиҳозлар сотиб олишлари учун уларнинг ҳар бирига 30 миллион сўмдан имтиёзли кредит берилди. Аввал маҳалла ҳудудида мактабгача таълим ташкилоти бўлмаган бўлса, эндиликда янги ташкил этилган уй боғчаларда 100 нафар бола мактабгача таълим олиш имконига эга бўлади.

  Яқин кунларда маҳалла ҳудудида тадбиркор Умидулло Буваматов томонидан сочиқ цехи ишга туширилади. Хитой давлатидан зарур дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилди. Цехни пардозлаш, жиҳозлаш ишлари якунига етказилмоқда. Ушбу цех ишга тушиши билан 20 га яқин янги иш ўрни яратилади.

Тадбиркор Бобуржон Режаббоев раҳбарлигидаги “Кўҳна булоқ” масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий лойиҳа қиймати 14,5 миллиард сўмга тенг лойиҳа доирасида маҳалла ҳудудида тикув-бўёқ корхонаси барпо этилди. Ҳозирда зарур дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилди.

– Узоғи билан бир ойдан кейин ушбу корхона ҳам ишга туширилади, – дейди ҳоким ёрдамчиси Э. Мирзахонов. – Ушбу йирик саноат корхонасида нафақат маҳалламиз, балки туманимиздаги 500 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлади.

Умуман, мазкур маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” га киритилган 18 нафар фуқарога деҳқончилик қилиш учун 10 сотихдан ер берилган. Берилган ерларга картошка ва бошқа полиз экинлари экилиб, парваришланмоқда.

– Берилган 10 сотих ерга картошка экканман, – дейди маҳалланинг Чаманзор кўчасида яшовчи Достонбек Сотволдиев. – Икки тоннага яқин ҳосил олишни, оиламиз эҳтиёжидан ортиқ картошкани сотиб, қўшимча даромад олишни мўлжаллаб турибман.
Бундан ташқари, маҳалла ҳудудидаги “Муқаддас”, “Охун дада” ва “Мунаввар обод замин” фермер хўжаликлари раҳбарлари билан ғалладан бўшаган ер майдонларидан деҳқончилик қилиш истагидаги 50 нафар фуқарога иккинчи экин учун ер ажратиб беришга келишиб олинган.

Маҳалланинг Буюк келажак кўчасининг 23 та хонадон жойлашган 500 метр қисмига узум учун сўритоклар қилиниб, серҳосил узум кўчатлари экилди. Келгусида ҳар бир хонадан кўчанинг ўзидан камида 250-400 килограммдан узум етиштириб, қўшимча даромад олиш имконига эга бўлади.

Маҳаллада ёшларни бўш вақтини мазмунли ўтказиш, спорт тўгаракларига жалб этиш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, маҳалла ҳудудида жойлашган 4- умумтаълим мактаби спорт зали, стадиони дарслардан кейин маҳалла ёшлари ихтиёрига берилган. Ёшлар, хотин-қизлар ўртасида турли спорт мусобақаларини ўтказиб туриш анъанага айланган.

– Кейинги уч йил ичида маҳалламиз қиёфаси тубдан ўзгарди, – дейди  меҳнат фахрийси Исроилжон Норматов. – Кўчаларимиз тўла шағалланди, маълум қисмига асфальт ётқизилди. Айниқса, одамларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, хаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш борасида олиб борилаётган хайрли ишлардан беҳад мамнунмиз. Президентимиз ташаббуси билан маҳаллага жуда катта эътибор қаратилаётганлиги, маҳаллада иш олиб борадиган ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси лавозимлари жорий этилганлиги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, маҳалла нуфузини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу вазифаларда фидойи, эл-юрт ишига камарбаста ёшлар ишлаётганлигидан хурсандмиз.

Жорий йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Қумгузар маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси вазифасида иш олиб бораётган Элмурод Мирзахоновнинг самарали фаолияти эътироф этилиб, у Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ташаккурномаси билан тақдирланди. Ушбу эътироф ёш мутахассисни шубҳасиз, мавжуд имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш, янада фаол ишлашга ундайди.

Фахриддин  УБАЙДУЛЛАЕВ,
Зухриддин УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА