Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳоким ёрдамчиси: Ишончни оқлаш учун кенг майдон яратилди
11:59 / 2022-01-28

Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 50 та маҳалла фуқаролар йиғинида жорий йил бошидан ҳоким ёрдамчилари иш бошлади.

–Туманда аҳоли турмуш даражасини кўтариш учун асосий драйвер йўналишлар белгилаб олинди, – дейди “Оқолтин” МФЙда ҳоким ёрдамчиси лавозимида иш бошлаган Умиджон Баракаев. – Унга кўра, тумандаги барча маҳалаларда чорвачилик, парранда, асаларичилик, иссиқхоначилик, деҳқончилик, боғдорчилик, хизмат кўрсатиш йўналишлари ривожлантирилади. Ҳоким ёрдамчилиги биз учун ишонч ва чексиз имкониятлар эшигидир. Жорий йилнинг 15 январь куни Давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган селекторда бизга маҳаллада қандай ишларни амалга оширишимиз кераклиги аниқ белгилаб берилди.

Ҳозирда туманда ҳар бир маҳалланинг ҳақиқий паспорти шаклланмоқда. Бунда янги лавозим эгалари жуда кўп танишилмаган муаммолар ва тафоввутларга дуч келмоқда. Уйма-уй юриш орқали хонадонлар намунали, ўрта ва эҳтиёжманд хонадонларга ажратилмоқда. Мазкур оилалар нега бундай аҳволга тушгани, оила нима учун “Темир дафтар” га, оила аъзоси нима учун “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига тушганлиги сабаблари, хонадоннинг ижтимоий ва иқтисодй муаммоларини комплекс ечиш, даромадини кўтариш учун иш олиб борилмоқда. Хонадондаги ҳар бир фуқаронинг қизиқиш ва касб салоҳиятидан келиб чиқиб аввало ҳудудда мавжуд бўлмаган хизмат турларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қоракўл тумани 1-сектор ҳудудида жойлашган “Оқолтин” маҳалла фуқаролар йиғинида 1 минг 830 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 1 минг 301 нафари меҳнатга лаёқатли. Ўз маҳалласида 90 фоиздан ортиқ аҳоли вакиллари билан учрашиб, ўрганиш олиб борган, ҳозирга қадар 20 нафардан ортиқ аёлларни “Garden Tex” текстил корхонасига ишга жойлаштиришга улгурган Умид Баракаев ҳудудда кооперация ташкил этиш учун лидер тадбиркорларни жалб этган ҳолда аҳолига парранда ва унинг озуқасини бериш орқали ҳар бир фуқаро учун 2 миллион сўм даромад олишни таклиф этмоқда. Шунингдек, аҳолини парранда боқишга ўргатиш мақсадида мутахассисларни жалб этилмоқда. Бу эса парранда боқишни касб этган хонадон вакилларида паррандани қандай парвариш қилишнинг кўникмасини шакллантиришга хизмат қилади.

Хатлов давомида чорвачилик истагини билдирган 37 та хонадон вакилларига йирик шохли, наслли чорва моллари, 6 та хонадонга майда шохли чорва моллари ва 42 та хонадонга 5 донадан курка тарқатилди. Битта фуқарога субсидия асосида иссиқхона қуриб берилди. Шу тариқа давом этган ўрганишлар давомида маҳаллада 1 километрга яқин йўл қисми таъмирталаблиги аниқланган эди. “Туман йўлларидан фойдаланиш” УК томонидан 42-умумтаълим мактабида таълим олаётган болаларнинг қишда лой, ёзда чанг бўладиган йўли шу куннинг ўзида шағаллаштирилди.

Туманнинг ҳар бир маҳалласи алоҳида соҳаларга ихтисослашган. Масалан, Хўжакон маҳалласи халқ ҳунармандчилиги, Дўстликда уй меҳмонхоналари, Хўжаларда хизмат кўрсатиш соҳаси илгарилаётган бўлса, “Оқолтин” да чорвачилик ва иссиқхоначилик, Солур маҳалласи ўзининг мева ва боғдорчиликка ихтисослашгани билан ажралиб туради. Бу ерда ҳам ҳоким ёрдамчиси Ихтиёр Бердиев аҳоли розилиги йўлида мавжуд муаммоларни ҳал этишга киришган. Туманда ўхшаши йўқ соҳага қўл урилиб ўнлаб хонадонлар бандлиги, тўкин-сочинлигига эришилмоқда. Бунда кооперациялар орқали ҳўл мевани қуритиш ускунаси аҳоли хонадонларига олиб келиб берилди. 10 тадан ортиқ патнисларда қишда лидер тадбиркор томонидан етказиб берилувчи патанамбур, ёзда эса ҳўл мевани қуритиш орқали ҳар бир оила кунига 170-180 минг, ойига эса 4.5 миллион 5 миллион сўм даромад қилмоқда.

Бугун халқ розилигига эришиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, ишлаб ўзини кўрсатиш учун ҳоким ёрдамчиларига ваколатлар берилди, ишончни оқлаш учун кенг майдон яратилди.

Зариф Комилов,

Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА