Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳоким ёрдамчиси: "Бизни миш-мишлар эмас, фуқароларнинг ишончи юксалтиради"
12:59 / 2022-11-10

Ҳоким ёрдамчиларининг зиммасида энг аввало ишлаш имконияти ва хоҳиши бор, лекин шароити оғир оилаларни ўқитиш, ўз ишини бошлаши учун имтиёзли кредит, субсидия ёки деҳқон хўжалиги учун уларга ер майдонлари ажратиш масалалари юклатилган. Шунингдек, улар иш ўрни яратиш, камбағалликни қисқартириш ва оилалар даромадини кўпайтириш каби вазифалар учун масъул. Ўз маҳалласида тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашади.

"БИЗНИ МИШ-МИШЛАР ЭМАС, ИШОНЧ ЮКСАЛТИРАДИ" 


– 2022 йилнинг 11 январидан Фарғона вилояти Учкўприк тумани «Чанг» МФЙда ҳоким ёрдамчиси вазифасида иш фаолиятимни бошладим, – дейди Иқболжон Усмонов. – Биринчи навбатда маҳалладаги ҳар-бир хонадонга уйма-уй кириб, хонадонбай рўйхат тузиб чиқдим. Хатлов натижаларига кўра, маҳаллада 4 та – «Наврўз», «Гузар», «Мустақиллик», «Обод диёр» каби номлардаги кўчаларнинг борлигини билдим. Мазкур кўчаларда 704 та хонадон, 968 та оила, 3 минг 395 нафар аҳоли истиқомат қилиб келади. 
 
Маҳаллада энг аввало иқтисодиётни кўтариш жуда муҳим омилдир. 


 
«Чанг» МФЙнинг асосий драйвери деҳқончиликдир. Жорий йилнинг 9 ойи давомида 82 нафар аҳоли доимий иш билан, 68 нафари ўз-ўзини банд қилиш орқали иш билан таъминланди. 84 нафар ишсиз фуқаро касб-ҳунар ўрганиши учун ўқишга йўналтирилди. Шундан 52 нафар фуқаро тикувчилик йўналишида фаолият бошлаш истагини билдирди. 32 нафар фуқаро тадбиркорликка, икки нафар фуқаро компьютер дастурлаш йўналишларига, 38 нафар фуқарога деҳқон хўжалиги ташкил этиши учун 15 сотихдан 5,7 га ер майдонлари ажратилди ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга имконияти яратилди. 
 
Шу кунга қадар уч нафар фуқарога юридик корхона, 17 нафар фуқаро томонидан ЯТТ ташкил этилишига амалий ёрдам берилди. Хатлов жараёнида маҳаллага кириш қисмида қаровсиз ҳолда ётган катта йўл бўйидаги майдонда енгил типдаги озиқ- овқат савдо шохобчаси ташкил қилиниб, икки нафар фуқарони доимий иш билан таъминлашга эришилди. 
 
Ҳоким ёрдамчисига 21 та масалада кредит, субсидия, грант ва моддий ёрдам турларининг рўйхатини шакллантириб, тавсия ваколати берилган. Маҳаллада истиқомат қилувчи ўн икки нафар фуқарога иссиқхона имтиёзли кредит асосида қуриб берилди. 


 
Бутун маҳалланинг кўнглидан чиқиш осон иш эмас, албатта. Ҳар-бир лавозимнинг ўз машаққати бор. Фаолиятимизга қарата фисқу фасод чангини қоқаётганлар ҳам йўқ эмас. Айниқса ижтимоий тармоқларда ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти хусусидаги ҳар-хил миш-мишлар турли муҳокамаларга сабаб бўлади. 
 
Тўғри, гуруч курмаксиз бўлмайди. Нима бўлганда ҳам бугун ҳоким ёрдамчилари халқ ичида юрибди, оддий одамлар ҳаётини ўрганяпти, муаммоларини тинглаб, тадбиркорликка руҳлантирмоқда, бу йўлда уларга яқиндан кўмак бермоқда. Бизни миш-мишлар эмас, фуқароларнинг ишончи юксалтиради. 

Муҳайё Тошқораева, 
 
ЎзА