Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳоким ёрдамчиси аҳолига кўмакчи бўлмоқда
10:45 / 2024-01-02

2024 йил – ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили

Президентимиз ташаббуси билан маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолияти йўлга қўйилганлигига ҳам икки йил бўлди. Бугунги кунда бу тизим ўзини оқламоқда. Чунки ҳоким ёрдамчилари оилалар аҳволини ўрганиб, тегишли тартибда чоралар кўрмоқда. Оилаланинг иқтисодий аҳволи яхшиланишига ўз ҳиссасини қўшмоқда.  

Айни пайтда Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги 70 та маҳаллада ҳоким ёрдамчилари иш олиб бормоқда.  

Обиджон Холов “Чечак ота” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият олиб боради. Ҳозир маҳаллада 580 та хонадонда 2703 нафар аҳоли истиқомат қилади. Хатлов жараёнида ёшларнинг 29 нафари касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқиш, 21 нафари тадбиркорлик билан шуғулланиш, 52 нафари кредит олиш ва 21 нафари доимий ишда ишлаш хоҳиши борлигини билдиришган.

– Фаолиятимда асосий эътиборни маҳалладаги мавжуд бўш иш ўринларига, биринчи навбатда, ижтимоий дафтарларга киритилган ёшлар ва хотин-қизларни ишга жойлаштириш ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилишга қаратмоқдаман, – дейди Обиджон. – Бугунги кунга қадар маҳалламизда 182 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. Маҳалла асосан мева-сабзавот, узумчилик ва кичик ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Аҳолининг деҳқончиликда кўникмаси бор. Мавжуд хонадонларда томорқа ерларидан самарали фойдаланиш мақсадида “бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида аҳоли билан маслаҳатлашган ҳолда 2 та намунали кўча атрофига узум кўчатлари экилди. Ҳозир 58 та хонадон узумчилик орқасидан даромад олмоқда. Шунингдек, 34 та ихчам иссиқхона ташкил қилинди.  

Албатта, доимий даромад манбаига эга бўлмаган  ишсиз аҳолининг, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ҳамда ўқишни тамомлаган битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш ҳам ҳоким ёрдамчиларининг диққат марказида.

– Маҳаллада мономарказ ташкил қилинган бўлиб, “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси, якка тартибдаги тадбиркорлар – Феруза Азмиддинова миллий қўғирчоқ ясаш,  Гулноза Очилова эса миллий ва замонавий либослар тикиш бўйича ўқиш ташкил қилишди, – дейди маҳалла раиси Ўктам Очилов. – Натижада 19 нафар “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да турувчи хотин-қиз ушбу уч ойлик ўқув курсларини битиришди. 4 нафарига ўз ишини бошлаши учун субсидия асосида тикув машинаси олиб берилди. 7 нафари тикувчилик йўналишида “Очил бобо истиқболи” оилавий корхонасига ишга жойлаштирилди.  

Дарҳақиқат, ҳудудда тадбиркорлар учун яратилган шароитлар, мавжуд муаммоларнинг ўз вақтида ҳал этилиши муҳим саналади. Ҳоким ёрдамчиси ташаббуси билан маҳаллада тадбиркорликни янада ривожлартириш мақсадида йўл ёқасидаги мавжуд ишламай турган бинолар рўйхатга олиниб, ўрганилди. Уларга тадбиркорлар жойлаштирилиб, ижара шартлари белгилаб олинди. Натижада 5 нафар тадбиркор янгидан иш бошлади. 25 нафар фуқаро иш билан таъминланди. 9 нафар тадбиркорнинг фаолияти қайта тикланди.  

Маҳаллий ҳокимият, сектор раҳбари ва мутасадди ташкилотлар билан биргаликда учта янги трансформатор ва 5 км узунликдаги кабель тортилиб, маҳаллада электр муаммоси бартараф қилинди. 1 та кўчада ёритиш чироқлари ўрнатилиб, 2,5 км йўл асфальт қилинди, 2,1 км йўл шағаллаштирилди. 4 та хизмат кўрсатиш лойиҳаси ишга туширилиб, янги иш ўринлари яратилди.

– Маҳаллада истиқомат қиламан, – дейди Исмоил Бердиев. – Ўзим ҳунармандчиликка қизиқаман. Шу йўналишда фаолиятимни йўлга қўйиш мақсадида ҳоким ёрдамчисига мурожаат қилдим. Унинг кўмагида 33 миллион сўм кредит олиб, ўз фаолиятимни бошладим. 4 та янги иш ўрни яратдим. Ҳозир маҳалламиз ёшлари иш билан таъминланган.

Албатта, Юртбошимиз томонидан ҳоким ёрдамчилари олдига катта вазифалар қўйилган. Яратиб берилаётган имконият ва билдирилган юксак ишонч эса уларга янада куч-ғайрат бағишлаяпти.

 

А.Бўриев,  

ЎзА мухбири