Беруний туманида ҳоким ёрдамчилари томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан пресс-тур ташкил этилди.
Иштирокчилар дастлаб Оби-ҳаёт маҳалла фуқаролар йиғинида органик маҳсулот биогумус ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Маҳаллада драйвер соҳа сифатида деҳқончилик ва ишлаб чиқариш етакчилик қилади. Ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Х.Казаков уй шароитида оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиб, даромад топиб келмоқда. Тадбиркор томонидан ишлаб чиқарилган биогумус органик ўғит маҳсулотидан ҳосилдорликни яхшилаш ва тупроқ унумдорлигини оширишда кенг фойдаланиб келинмоқда.
Тадбир иштирокчилари “Дўстлик” маҳалласидаги 7 йиллик имтиёзли кредит асосида 3 сотих жойда қурилган иссиқхона фаолияти билан танишди. Бу ерда бодринг ва қулупнай етиштирилган бўлиб, ҳудуддаги ҳоким ёрдамчиси “бир кўча бир маҳсулот” тамойили асосида олиб борилаётган ишлар билан танишилди.
Кейинги манзил Шаббоз овул фуқаролар йиғинидаги “Раъно Камаловна” фермер хўжалиги бўлди. 3 гектар майдонда узумчилик билан шуғулланиб келаётган фермер хўжалиги мавсум давомида 40 миллион сўм даромад олмоқда. Фермер хўжалиги раҳбари келгусидаги режалари тўғрисида батафсил маълумот берди.
Сўнг матбуот анжумани ташкил этилди.
[gallery-8898]
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида 40 та овул ва маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилди. Уларнинг асосий вазифаси маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни хонадонбай ўрганиш, аҳолининг бандлик даражаси, оилаларнинг даромад манбалари, томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолати ва даромадли меҳнатга бўлган интилиши, эҳтиёжларини таҳлил қилишдир.
Бу борадаги ишларни самарали ташкил қилиш мақсадида, маҳалла ва овуллардаги барча 37046 та хонадон бирма-бир хатловдан ўтказилиб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволига қараб 4 та тоифага ажратилди.
Жорий йил сентябрь ойи ҳолатига 7 минг 576 нафар фуқарони корхона, ташкилот, хусусий тадбиркорлар, фермер хўжаликларига доимий ва вақтинчалик иш ўринларига жойлаштиришга эршилди.
Бундан ташқари ҳоким ёрдамчилари томонидан йил охирига қадар корхона ва ташкилотлардаги бўш иш ўринларига 400 нафар, тумандаги йирик саноат корхоналари ва кластерларга 410 нафар, оилавий тадбиркорлик бўйича ажратилган кредитлар ҳисобидан 950 нафар, кичик бизнес субъектлари ташкил этиш ҳисобидан 400 нафар, дехқон хўжалигини ташкил қилиш ҳисобидан 900 нафар ва бошқа йўналишлар бўйича жами 4 минг 580 нафар ишсиз фуқаронинг бандлигини таъминлашга эришилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2022 йил 11 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисида”ги қарорига асосан бугунги кунга қадар 490 нафар фуқарога 2 миллиард 165,7 миллион сўмлик субсидия ажратилди.
Матбуот анжумани иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА