Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти ва истиқболдаги вазифаларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Халқаро экспертлар, вазирликлар, идоралар, банклар, маҳаллий ҳокимликлар, ҳоким ёрдамчилари ва тадбиркорлар иштирок этган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ва бошқалар ўтган бир йил давомида ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилган ишлар маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун кенг йўл очганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, Президентимиз ташаббуси билан 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир маҳаллада “Ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди. Бундан кўзланган мақсад эса маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва шу орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган.
Анжуманда иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев ҳоким ёрдамчиларининг фаолиятини таҳлил қилар экан, бугунги кунда республикадаги 9,3 мингдан ортиқ маҳаллаларда иқтисодий комплекс таркибига кирувчи ташкилотларда раҳбар лавозимида ишлаб келган иқтисодчилар ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият кўрсатаётганига эътибор қаратди.
– Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш ва баҳолаб бориш имконини берувчи ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар маълумотлар базалари билан интеграция қилинган “Онлайн маҳалла” платформаси ишга туширилди. Биринчи босқичда ҳоким ёрдамчилари томонидан маҳаллалардаги 6,9 миллион хонадонлар хатловдан ўтказилиб, ижтимоий-иқтисодий аҳволига кўра, 4 та тоифага ажратиб олинди. Хатловда аҳолининг касб-ҳунарга ўқиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш, кредит олиш ва бошқа истаклари ўрганиб чиқилди. Ҳоким ёрдамчиларига яратиб берилган шароит ва молиявий дастаклар қисқа даврда, уларга маҳалла аҳли билан ижобий муносабат ўрнатиш имконини бериб, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлари натижадорлигини оширди. Ҳоким ёрдамчиларига бу масалаларни ҳал этиш учун 2022 йилда жами 12,5 триллион сўм миқдорида молиявий инструментлар манбалари шакллантириб берилди. Шу билан биргаликда, 2,5 мингта маҳалла чорвачилик, 1,4 мингта маҳалла деҳқончилик, 800 та маҳалла боғдорчилик, 620 та маҳалла иссиқхона, 230 та маҳалла ҳунармандчилик, 470 та маҳалла кичик ишлаб чиқариш, 2,2 мингта маҳалла савдо ва хизмат кўрсатишга ихтисослашганлиги аниқланди, – деди М. Убайдуллаев.
[gallery-10087]
Айтиш жоизки, ҳоким ёрдамчилари томонидан маҳаллалардаги мавжуд муаммо ва имкониятлар ўрганилиб, ҳар бир маҳалла бўйича “йўл харита”лари ишлаб чиқилди. Тадбирда улар томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинар экан, 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида 1,2 миллион нафар аҳоли доимий иш жойларига жойлаштирилиши, оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ҳоким ёрдамчилари тавсияномалари асосида 388 мингта лойиҳаларга 9 триллион сўмлик кредит ажратилиши ва аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларга меҳнат қуроллари ва асбоб ускуналари олиб бериш бўйича 174,0 миллиард сўмлик субсидиялар ажратилиши алоҳида таъкидланди.
Анжуманда Фарғона шаҳар “Сурхтепа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳокими ёрдамчиси РаъноҲожиболаева билан суҳбатда бўлдик.
– Муҳтарам Президентимиз ишончини оқлаш ва фуқароларимизга қулай имконият яратиш ҳамда уларнинг фаровон ҳаётини таъминлаш бизнинг асосий мақсадимизга айланди. Шу сабабли, Сурхтепа маҳалласи аҳолиси муаммосини ечиш ва уларга зарур шароитлар яратиш йўлида меҳнат қилаётганимдан жуда хурсандман. Бугунги анжуман мен учун мамлакатимизда фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчиларининг ютуқлари билан танишиш, улар билан мулоқот қилиш ва келгуси режаларни янада пухта тузишда амалий ёрдам бўлди, – деди Р. Ҳожиболаева.
Шунингдек, анжуман иштирокчиларига касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқишга 243 минг нафар фуқаролар йўналтирилиб, “Ишга марҳамат” мономарказлари ва бошқа нодавлат таълим муассасаларида 195 минг нафари ўқишни тамомлагани, 48 мингдан ортиқ "маҳаллабай" микролойиҳаларнинг 47 мингтаси ишга туширилиб, 232 мингга яқин иш ўринлари яратилгани хусусида маълумот берилди. Бунинг натижасида маҳалларда 84 мингта юридик ва 95 мингта якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди.
Республикамиз маҳаллаларида 20,6 минг километр таъмирталаб ички йўллар шағаллаштирилиши, 10,6 минг километр йўллар асфальтлаштирилиши, маҳалла ҳудудидан ўтувчи магистрал йўл ёқасида 1,8 минг километр пиёдалар йўлакчалари барпо этилиши, фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган 6,5 минг дона трансформатор, 178 минг дона сим ёғочлар ва 151,7 минг дона тунги чироқлар алмаштирилиши каби ишларда ҳам ҳоким ёрдамчиларининг муносиб ҳиссаси бор.
Тадбирда ҳоким ёрдамчиларининг “маҳаллабай” ишлашда йўл қўйилган камчиликлар ва муаммолар ҳамда “маҳаллабай” ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш юзасидан келусидаги истиқболли режалари ҳам қизғин муҳокама қилинди.
Анжуман эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири