Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳоким ёрдамчилари учун фойдали семинар
10:38 / 2025-11-19

Навоий шаҳар ҳокимлигида маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари учун ўқув семинари ташкил этилди.

Унда шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Ўткир Ҳақбердиев, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” мутахассислари томонидан юртимизда кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, компания томонидан кўрсатилаётган хизматлар, имтиёзлар ва янги молиявий механизмлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда компания томонидан кафиллик, хизматлар ипотекаси, қарз ёрдами, улуш киритиш, ресурс ажратиш, компенсация ва қайта молиялаш каби хизматлар кўрсатилмоқда.  

Ҳозирги кунда 7 йилгача қайтариш шарти асосида кичик тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача, ўрта тадбиркорларга эса 20 миллиард сўмгача бўлган кўчмас мулк ёки асбоб-ускуналарни харид қилиш учун ипотека механизмлари мавжуд. Шунингдек, кичик тадбиркорлар олган 5 миллиард сўмгача кредитлар учун фоиз ставкасининг 5,4 фоизгача бўлган қисми компания томонидан қоплаб берилса, тижорат банклари ва микромолия ташкилотлари томонидан ажратилган 100 миллион сўмгача гаровсиз микрокредитларнинг фоиз қисми қайта молиялаштирилиши мумкин.

Семинар давомида мутахассислар лойиҳаларни расмийлаштириш, кредит олиш тартиби, бизнес-режа тузиш ва компенсация олиш жараёнлари бўйича тушунтиришлар берди.

Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди ва уларга хизматлар бўйича қўшимча маълумотлар, ҚР-кодлар ҳамда маслаҳат олиш учун мурожаат манзиллари тақдим этилди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири