Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳоким ёрдамчилари уч ойлик фаолиятининг дастлабки натижалари таҳлил қилинади
16:21 / 2022-04-19

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллабай ишлаш тизими натижадорлигини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.

–Хабарларингиз бор, тадбиркорликни ривожлантириш учун 500 миллион доллар ва 2 триллион сўмдан зиёд маблағлар йўналтиришни белгилаб олган эдик.

Шунингдек, айни пайтда тадбиркорларни энг безовта қилаётган солиқ маъмурчилиги, текширувлар, рухсатномаларни соддалаштириш, бюрократия ва коррупцияга йўл қўймаслик каби чораларни ҳам белгилаб олдик.

Бугун эса Бош вазир ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари 2 та энг муҳим масала бўйича ҳисобот берадилар:

– ҳоким ёрдамчилари 3 ойлик фаолиятининг дастлабки натижалари;

–аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича биринчи чоракда амалга оширилган ишлар,– деди давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида.

Ҳоким ёрдамчилари уч ой давомида 35,3 миллион аҳоли яшайдиган 6 миллион 900 минг хонадонни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни 4 та тоифага ажратгани таъкидланди. Булар:

- 11 фоизи – кам даромадли;

- 47 фоизи – доимий даромади бўлгани билан қўшимча даромадга эҳтиёжи бор;

- 6 фоизи – ижтимоий ҳимояга муҳтож;

- 36 фоизи – иқтисодий аҳволи яхши, ўзига тўқ оилалар ҳисобланади.

Яъни, янги тизим орқали ҳар бир ҳоким, унинг иқтисод бўйича 1-ўринбосари ва ҳоким ёрдамчилари аҳолининг 64 фоизи билан манзилли ишлаш кераклигини билиб олдилар.

Бу борада, жойлардаги мутасадди раҳбарлар ва ҳоким ёрдамчилари биринчи ва иккинчи тоифадаги хонадонлар билан ишлаб, 3 ойда 736 минг нафар фуқаронинг бандлигини таъминлади ҳамда 54 минг нафар фуқароларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитди.

ЎзА