Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳоким ёрдамчилари томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида қандай ишлар ташкил этилди?
12:59 / 2023-11-13

Маълумки, “маҳаллабай” ишлаш тизимини юқори бочқичга олиб чиқиш, маҳалланинг ўзида туриб, барча масалаларни ҳал қилиш чораларини кўриш фаолияти билан шуғулланиш мақсадида республикада илк маротаба тажриба тариқасида “Ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилган эди.

Мазкур лавозим эгаларига  “хонадонбай” сўровлар ўтказиш орқали маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш “портрети”ни ишлаб чиқиш, маҳалланинг ихтисослашуви ва “ўсиш нуқталари”дан келиб чиққан ҳолда, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш чораларини кўриш, ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, ишга жойлашиш истагини билдирган ишсизларнинг бандлигини таъминлаш ва аҳолини ўзини ўзи банд қилишга кўмаклашиш ҳамда  “Ижтимоий шартнома” тизими орқали тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқаролар, жумладан аёллар ва ёшларга кредит ҳамда субсидиялар ажратиш каби вазифалар юклатилган.  

Хўш,  ҳоким  ёрдамчилари томонидан  жорий йилнинг 9 ойи давомида қандай ишлар ташкил этилди? Жойларда уларнинг фаолияти  қандай кечди?  

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Ўткир Ҳамроқулов томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида ҳоким ёрдамчилари кўмагида 1,9 миллион нафар фуқаро  доимий ва мавсумий иш жойларига жойлаштирилган.  1,3 миллион нафар фуқаро ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинган.  80 минг нафари якка тартибдаги тадбиркорликка (ёлланма ишчилар билан биргаликда), 95 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ва 48 минг нафари ҳунармандчиликка жалб қилинган.  238 минг нафар фуқарога ижара асосида ер ажратилган.  

Шунингдек, ҳоким ёрдамчилари тавсияси асосида 364 мингта лойиҳага  7,6 триллион сўмлик кредитлар ажратилган. Хусусан, кредитларнинг  224 мингтаси (5 трлн. сўм) хизмат кўрсатиш ва кичик ишлаб чиқариш,  81 мингтаси  (1,8 трлн. сўм) қишлоқ хўжалиги, 47 мингтаси  (470 млрд. сўм) ҳунармандчилик ва 11 мингтаси  (260 млрд. сўм) бошқа соҳаларга йўналтирилган.  

Ҳоким ёрдамчилари томонидан тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган фуқароларга тез ва юқори даромад топиш имконини берадиган бизнес лойиҳаларни танлашда кўрсатилаётган кўмак кредит ажратишда ижобий сифат ўзгаришларига олиб келди.  

Қайд этилишича, ҳоким ёрдамчилари фаолияти давомида фойдаланиши учун “Онлайн маҳалла” платформасига тижорат банклари билан хамкорликда ишлаб чиқилган 500 дан ортиқ бизнес-режалар жойлаштирилган. Хусусан, ўтган йили ажратилган кредитларнинг қарийб 50 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасига, 32 фоизи хизмат кўрсатиш ва кичик ишлаб чиқариш йўналишида ажратилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич  22  ва 62 фоизларни ташкил этган.  

Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 46 минг нафар фуқарога 203 миллиард  сўмлик субсидиялар ажратилган.  Ажратилган субсидияларнинг 33 мингтаси (154 млрд. сўм) тадбиркорликни бошлаш учун асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари билан таъминлашга, 4,2 мингтаси (5,1 млрд. сўм) ҳунарманд уюшмасига аъзолик бадали, ҳом-ашё ва иш ҳақига, 3,4 мингтаси (27 млрд. сўм) ихчам иссиқхоналар, суғориш воситаси ҳамда уруғлик кўчатлари ҳарид қилишга, 0,7 мингтаси (2,2 млрд.сўм) кооперативларни устав фондига улуш сифатида киритиш ва 4,7 мингтаси (15 млрд. сўм) бошқа йўналишларга тўғри келмоқда.  

“Ишга марҳамат” мономарказлари ва бошқа нодавлат таълим муассасаларида 129 минг нафар фуқаро  касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилган. Ўтган 9 ойда ҳоким ёрдамчилари томонидан шакллантирилган  39 мингта  (иш ўрни 171 минг) "маҳаллабай" микро лойиҳалардан  20 мингтаси  (52 фоизи) ишга туширилиб, 78 мингта иш ўринлари яратилган.  Амалга оширилган ишлар натижасида маҳаллаларда ўтган даврда 68  мингта юридик ва 74 мингта якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган.  

Аҳоли яшаш шароитини яхшилаш бўйича ҳоким ёрдамчилари маҳалла раиси, сектор раҳбарлари ва маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда 23 минг км таъмирталаб ички йўллар шағаллаштирилган.  22 минг км асфалтьлаштирилган. Маҳалла ҳудудидан ўтувчи магистрал йўл ёқасида  1 минг км пиёдалар йўлакчалари барпо этилган. Шу билан бирга  фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган 5,6 минг дона трансформатор,  123 минг дона сим ёғоч ва 90 минг дона тунги чироқ  янгисига алмаштирилган. 32 минг км ариқларни тозалаш ва 6,8 мингта турли ҳажмдаги вертикал суғориш қудуқларини қуриш орқали 302 мингдан ортиқ хонадон  томорқаси суғориш суви билан таъминланган.  

Бундан ташқари, камбағал оилалар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, моливий ресурсларни биринчи навбатда ушбу оилаларга йўналтириш, оилаларни камбағалликдан чиқишига тўсиқ бўлаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида “Индивидуал дастур” амалиёти жорий  этилган.  Дастурлар доирасида камбағал оилаларни даромадларини ошириш мақсадида 78 минг нафар оила аъзолари доимий ва мавсумий иш ўринларига жойлаштирилган. 34 минг нафарига имтиёзли кредит ва 7 минг нафарига субсидиялар ажратилган.  

Ҳоким ёрдамчилари томонидан ўзини-ўзи банд қилган шахсларга бизнесни режалаштириш ва молиялаштириш бўйича кўрсатилган ёрдамлар натижасида 17 минг нафари якка тартибдаги тадбиркор ва 22 минг нафари кичик бизнес субъекти сифатида фаолиятини бошлаган. Бу кўрсаткични йил якунига қадар 50 мингтага етказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.  

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА