Мамлакатимизда кичик тадбиркорликни ривожлантириш, ишсизликни камайтириш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчилари фаолияти йўлга қўйилган.
Хўш, ҳудудларда мазкур лавозим эгаларининг кўмаги билан фуқаролар ўз муаммоларига ечим топяптими?
Навоий шаҳри Бинокор маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Бобур Муродқосимов жорий йилнинг олти ойи давомида аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилаш, тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш борасида қатор ишларни амалга оширди.
Хусусан, Бинокор маҳалласида яшовчи Ситора Қурбонова 100 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил қилди. 5 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлигини таъминлади.
Ҳоким ёрдамчиси кўмагида Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 9 нафар, Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури бўйича 4 нафар, бошқа лойиҳалар асосида 8 нафар фуқарога кредит ажратилиб, 35 та янги иш ўрни яратилди.
“Аёллар дафтари”да рўйхатда турган 3 нафар аёлга субсидия асосида тикув машиналари топширилди. Касб-ҳунарга эга бўлмаган 14 нафар фуқаронинг Навоий шаҳар “Ишга марҳамат” мономарказида ўқишига кўмаклашилди.
Хонадонларда бизнесни йўлга қўйиш ва ривожлантириш юзасидан Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани “Ғўроти” МФЙда яшовчи Камола Бозоровага “Сайхунобод тажрибаси” асосида имтиёзли кредит ажратилиб, ушбу маблағ ҳисобидан чорвачилик фаолияти ташкил этилди ҳамда хонадонда қўшимча даромад манбаи яратилди.
Гумбулоқ маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Ҳасан Холиқов тавсияси асосида “Хуршидбек-Реал” ХКга автомобилларга техник хизмат кўрсатиш фаолияти учун 250 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилди ва 6 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Ҳоким ёрдамчиларининг кўмаги билан Деҳқонобод туманидаги “Ўзбекистон”, “Қизилча”, “Янги Ўзбекистон” МФЙларида яшовчи бир гуруҳ ишсиз хотин-қизларга субсидия асосида тикув машиналари берилди. Мазкур тикувчилик фаолияти ташкил этилиши орқали энди улар тикувчилик йўналиши бўйича ўзини-ўзи банд қилган ҳолда қўшимча даромад топиш имконига эга бўлди.
Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳри “Адолат” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Р.Иманов томонидан тадбиркорликни йўлга қўйиш истагида бўлган фуқароларга амалий кўмак берилмоқда. Жумладан, маҳалладаги С.Аралова, Ф.Эргашева, Х.Ахуноваларга мурожаати юзасидан имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилиб, қўшимча даромад топишларига имконият яратилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА