Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини яхшилашда “Қувасой тажрибаси”
13:31 / 2024-03-26

ФОТОРЕПОРТАЖ

Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада жонлантириш, ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлашнинг аниқ ва самарали чора-тадбирларини белгилаш мақсадида семинарлар ўтказиб келинмоқда.

Жумладан, “Қалача”, “Боғбон” ҳамда “Пакана” МФЙда ташкил этилган ана шундай тадбирларда Қувасой шаҳар ҳокими Зафаржон Тўрақулов, мутасадди раҳбарлар, ҳоким ёрдамчилари иштирок этди.

Дастлаб “Қалача” МФЙ да яшовчи, 90 ёшни қаршилаётган Мамаюнус ота Мамаюсупов меҳмонларни томорқасидаги иссиқхоналар билан таништирди.

Томорқанинг 6 сотих майдонида лимончилик йўлга қўйилган бўлса, 4 сотих ерда юз тупдан зиёд шафтоли ҳамда ўрик кўчатлари парвариш қилинмоқда. Эътиборлиси, шу кунларда қийғос гуллаган шафтоли ва ўрик дарахтлари қаторлари ораларидан ҳам самарали фойдаланилмоқда -  турли сабзавотлар ҳамда қулупнай экилган.

[gallery-16598]

Оила аъзолари бандлигини таъминлаган Мамаюнус ота меҳмонларга ўз тажрибаси ҳақида гапириб берди. Айниқса, ҳосилдорликни оширишда асалариларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

“Пакана” МФЙда ўтган семинарда иштирокчилар “Толибжон Ғанижон Асаларичи” наслчи фермер хўжалигида бўлдилар. Бу ерда улар асалари парвариши ва асал етиштириш усуллари билан яқиндан танишди. Фермер Ғанижон Йўлдошев қизиқувчиларга асалари қутиларини етказиб бериш ва асалари парвариши бўйича яқиндан кўмак кўрсатишга тайёр эканини қайд этди.

“Боғбон” МФЙда қулупнай етиштириш ҳудуд аҳолисининг асосий юмушига айланган.  

Семинар иштирокчилари боғбонлик Сардор Аҳмаджонов томонидан 2 сотих майдондаги иссиқхонада Корея тажрибаси асосида қулупнай етиштириш жараёнининг гувоҳи бўлдилар. Ёш томорқачи Жанубий Корея давлатида меҳнат фаолиятини олиб борган даврида тўплаган тажрибасидан келиб чиқиб иш бошлаганини, сарфланган маблағ ва олиниши кўзда тутилган даромад ҳақида батафсил маълумот берди.

Семинарлар давомида шаҳар ҳокими маҳаллалар имкониятларидан келиб чиқиб, аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан ҳоким ёрдамчиларига бир қатор топшириқ ва кўрсатмалар берди. Илғор тажрибаларни оммалаштиришга қаратилган бу каби тадбирлар мунтазам давом эттириладиган бўлди.  

 

Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА