Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳоким ёрдамчилари фаолиятидаги муаммолар
17:43 / 2022-07-14

Ҳоким ёрдамчилари аҳоли билан ҳар куни ишлаб, одамларга давлат томонидан яратилаётган имкониятларни етказиши, тадбиркорликка ва деҳқончиликка ўргатиш орқали уларни камбағалликдан чиқариши лозим.

 Бу мақсадлар учун жорий йилда 10 триллион сўм имтиёзли кредит ва 2,5 триллион сўм субсидия (ҳар бир маҳаллага ўртача 1,3 миллиард сўм) ажратилиши белгилаб қўйилган.

Эътиборли жиҳати шундаки, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги кредитлар, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Жамоат ишлари жамғармаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, «Аёллар дафтари» жамғармаси, «Ёшлар дафтари» жамғармаси ҳисобидан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ўзини ўзи банд қилиш ва иш билан таъминлаш учун ажратиладиган субсидиялар ҳоким ёрдамчиларининг тавсиялари асосида берилади.  

Хўш, ўз маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўрни яратиш, камбағалликни қисқартириш ва оилалар даромадини кўпайтириш каби вазифалар юклатилган мазкур лавозим эгаларининг фаолиятларида қандай муаммолар мавжуд?  

Ҳоким ёрдамчиларининг сўзларига кўра, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 январдаги «Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида хизматлар соҳасини ривожлантириш учун эквивалентда 100 миллион АҚШ доллари ажратилиши белгилаб қўйилган бўлсада, "Онлайн ариза" платформасида мазкур имтиёзли кредит тури кўрсатилмаган.  

Шунингдек, Тошкент вилояти Бекобод шаҳри «Ҳамид Олимжон» МФЙда ўз фаолиятини олиб бораётган ҳоким ёрдамчиси Худоёр Норматовнинг сўзларига кўра, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан бериладиган кредитлар учун ариза топширилганида лимит тугаганлигини билдирувчи хабар келмоқда. Мавжуд муаммолар юзасидан Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига мурожаат қилинган. Аммо бу муаммолар икки ойдан буён ҳануз ўз ечимини кутмоқда.  

Маълумки, субсидиялар даромади юқори бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида давлат бюджетидан қайтариб берилмайдиган маблағ тури ҳисобланади. Ҳоким ёрдамчилари томонидан ишсиз, «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»даги фуқароларга ўзларини иш фаолиятини бошлаш учун уруғлик, асбоб-ускуна, енгил конструкцияли иссиқхона қуриш учун субсидиялар ажратилиши лозим. Аммо Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани «Оқжар» МФЙ ҳоким ёрдамчиси Содиқ Қобуловнинг сўзларига кўра, мазкур субсидиялар ажратилишида бир қатор тўсиқлар бор.  

Қонунчиликка кўра, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчиларини давлат олий таълим муассасаларининг иқтисодий таълим йўналишларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тавсиясига кўра, давлат гранти асосида сиртқи таълим шаклига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш белгиланган. 

Ҳоким ёрдамчиларининг таъкидлашича, Президентнинг 2021 йил 3 декабрда қабул қилинган «Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгилаб қўйилган мазкур амалиёт ҳанузгача жорий этилмаган.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА