Мамлакатимизда маҳалланинг жамиятдаги нуфузи ва ролини ошириш, маҳаллани жойлардаги муаммоларни ҳал этадиган чинакам тизимга айлантириш, хусусан, маҳаллабай ишлаш тизимини кучайтириш, маҳалла фуқаролар йиғинлари масъулларининг иш самарадорлиги ҳамда масъулиятини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада “маҳаллабай” тизими йўлга қўйилди, “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди.
Хўш, ҳоким ёрдамчилари давлат идоралари ва халқ ўртасида асосий кўприк вазифасини ўтаяптими? Камбағал оилалар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, молиявий ресурсларни биринчи навбатда уларга йўналтириш, оилаларнинг камбағалликдан чиқишига тўсиқ бўлаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда қандай амалий ишлар қилиняпти?
Мазкур саволлар юзасидан Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Носир Боймирзаев қуйидагиларни маълум қилди.

– Замонавий дунёда маҳсулот етиштиргандан кўра кадр етиштирган афзалроқ. Чунки, яхши мутахассис, яхши маҳсулот ярата олади. Шу боис бойишни истаган жамият биринчи галда яхши кадрларни тарбиялайди, кўтаради, йўлини очади.
Аҳолини рози қилишда сидқидилдан меҳнат қилаётган ҳоким ёрдамчилари кўпчиликни ташкил қилади. Хусусан, ўтган 2023 йил учун маҳаллалар кесимида ишлаб чиқилган “Йўл харита”сига асосан ҳоким ёрдамчилари кўмагида 1,6 миллион нафар фуқаро ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинган. 101 минг нафари якка тартибдаги тадбиркорликка, 112 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, 58 минг нафари ҳунармандчиликка жалб қилинган.

Шунингдек, 241 минг нафар фуқарога ижара асосида ер ажратилган. Ҳоким ёрдамчиларининг тавсияномалари асосида 472 мингта лойиҳага 10 триллион сўмлик кредитлар ажратилди. Кредитларнинг 215 мингтаси хизмат кўрсатиш ва кичик ишлаб чиқариш, 138 мингтаси қишлоқ хўжалиги, 119 мингтаси ҳунармандчилик соҳаларига йўналтирилган.
Тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган фуқароларга тез ва юқори даромад топиш имконини берадиган бизнес лойиҳаларни тақдим этиб борилиши кредит ажратишда ижобий сифат ўзгаришларига олиб келди.

Ҳоким ёрдамчилари фаолияти давомида фойдаланиши учун “Онлайн маҳалла” платформасига тижорат банклари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган 500 дан ортиқ бизнес-режа жойлаштирилган. 2022 йилда ажратилган кредитларнинг қарийб 50 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасига, 32 фоизи хизмат кўрсатиш ва кичик ишлаб чиқариш йўналишида ажратилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич тегишлича 30 фоиз ва 55 фоизни ташкил этган. Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 73 минг нафар фуқарога 356 миллиард сўмлик субсидия ажратилган.
“Ишга марҳамат” мономарказлари ва бошқа нодавлат таълим муассасаларида 181 минг нафар фуқаро касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилган ҳамда ҳоким ёрдамчилари томонидан шакллантирилган 54 мингта “маҳаллабай” микро лойиҳалардан 51 мингтаси ишга туширилиб, натижада 206 мингта иш ўринлари яратилган.

Ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида янги йўналишларда ишлар ташкил этилди. Хусусан, камбағал оилалар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, молиявий ресурсларни биринчи навбатда уларга йўналтириш, оилаларнинг камбағалликдан чиқишига тўсиқ бўлаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида “Индивидуал дастур” амалиёти жорий этилди. 1,1 миллиондан ортиқ камбағал оилага индивидуал дастурлар ишлаб чиқилиб, қисқа даврда бу оилаларнинг 95 минг нафар ишсиз аъзолари доимий иш ўринларига жойлаштирилди, 36 минг нафарига имтиёзли кредит ва 8 минг нафарига субсидиялар ажратилди.
Аҳолига ижара асосида ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш, экилган экинлар ва етиштирилган маҳсулотлар ҳисобини юритиш бўйича “Онлайн маҳалла” платформасида очилган “Ажратилган ерлар” модули такомиллаштирилди. Аҳоли томорқаларида экилган экинлар ва етиштирилган маҳсулотлар ҳисобини юритиш мақсадида “Онлайн маҳалла” платформасида “Аҳоли томорқаси” модули ишлаб чиқилди. Мурожаатларни тизимли ҳал этиш, уларни назоратга олиш ва доимий мониторинг қилиш мақсадида “Онлайн маҳалла” электрон платформаси Халқ қабулхонаси платформасига интеграция қилинди.
Тизим доирасида маҳаллада ҳал этиш имкони бўлмаган 5 минг нафардан ортиқ фуқаронинг мурожаати ҳоким ёрдамчилари томонидан платформа орқали тўғридан-тўғри тегишли масъул ташкилотларга юборилди ва Халқ қабулхонаси томонидан ижроси назоратга олинди.
Маҳаллаларда тадбиркорликнинг ривожлангани, ишсизлик, ижтимоий реестрдаги оилалар коммунал ва ижтимоий инфратузилма билан таъминланишидан келиб чиқиб, маҳаллалар рейтинги ишлаб чиқилди. Унга кўра, республика бўйича 9 минг 441 та маҳалладан 3 минг 550 таси “аъло”, 3 минг 841 таси “яхши”, 1 минг 731 таси “қониқарли”, 319 таси “қониқарсиз” деб баҳоланди.
Алоҳида қайд этишим лозимки, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, унинг қуйи тизимлари миллий кадрлар захирасини шакллантиришда етакчилардан. Жумладан, ўтган бир йил ичида вазирлик ва унинг тасарруфий ташкилотларида ишлаб келаётган раҳбар-ходимлар орасидан 15 нафари туман ва шаҳар ҳокимлари сифатида янги ва масъулиятли лавозимда фаолият бошлаган. Қолаверса, тизимда ишлаган яна 37 нафар ходим ҳоким ўринбосари сифатида иш бошлаган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА