Бухоро вилоятидаги 544 та маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчиларининг самарали ишлаши учун барча шароитлар яратилган. Жумладан ҳар бир ҳоким ёрдамчиси компьютер жамланмаси, видеоконференц алоқа воситалари, стол ва стуллар, шкаф воситалари, телефон ва интернет тармоғи ҳамда замонавий планшетлар билан тўлиқ таъминланган.
Шу билан бир қаторда ҳоким ёрдамчиларининг ишини вертикал тизим асосида мувофиқлаштириб бориш учун йил бошида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг вилоятдаги ҳудудий бошқармаси ҳамда 13 та шаҳар ва туманлардаги марказлари фаолияти йўлга қўйилган.
–Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида маҳаллаларга бириктирилган ҳоким ёрдамчилари томонидан вилоятдаги мавжуд 404,3 мингта аҳоли хонадони тўлиқ хатловдан ўтказилди, – дейди вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи Нозимжон Холмуродов. – Хатлов натижаларига кўра, ушбу хонадонлар 4 та тоифага ажратилган ҳолда “Online mahalla” платформасига киритилди. Ҳоким ёрдамчилари томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар натижаларига кўра, энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари вилоят бўйича 88 фоизни ташкил этди.
[gallery-8409]
Ҳоким ёрдамчилари томонидан жорий йилнинг январь-июнь ойларида маҳалла ҳудудидан тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун қўшимча равишда 937,8 гектарга тенг бўш ер майдонлари аниқланди. "YERELEKTRON" автоматлашган ахборот тизимига киритилган ер майдонлари тегишли ташкилотлар томонида кўриб чиқилмоқда. Бугунги кунда 139,4 гектар ер майдони аукцион савдоларига чиқарилган. 5,87 гектар ер майдони сотилган. Қолган 133,5 гектар майдон аукцион савдо жараёнида. Шунингдек, ярим йиллик якуни билан жами 6301 та бўш турган ва қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотлар аниқланган. Аниқланган бўш ер, бўш ва қурилиши тугалланмаган бинолар негизида камида 10 тадан жами 5 минг 440 та кичик лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган эди. Ҳозирда улар томонидан умумий қиймати 3 триллион 598,5 миллиард сўмлик (шундан 1 триллион 773,6 миллиард сўмлик банк кредити) жами 6 минг 92 та кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида лойиҳалар шакллантирилиб, бунинг ҳисобида 30 минг 242 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, тижорат банклари томонидан ушбу шакллантирилган лойиҳаларнинг 5671 тасига 1 триллион 320 миллиард сўм кредит маблағи ажратилган.
2022 йилнинг 7 ойлик якунлари бўйича 3 минг 766 та лойиҳалар ишга туширилиши ҳисобига 19 минг 159 та янги иш ўрни яратилган.
Айрим ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари ўзларига юклатилган вазифаларни бажаришга совуққонлик билан қарагани, иш фаолияти самарадорлиги пастлиги ҳамда бугунги кунда ишни давом эттиришга салоҳияти етарли бўлмаганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Шунингдек, хизмат фаолиятларини лозим даражада ташкил этмаган 10 та ҳоким ёрдамчисига огоҳлантириш, 3 та ҳоким ёрдамчисига нисбатан ҳайфсан интизомий чораси кўрилди.
Юқоридаги бўшаб қолган вакант лавозимларга – давлат фуқаролик хизматчиларининг ягона очиқ портали орқали берилган эълон асосида 46 та вакант ўриндан 30 тасига катта билим ва тажрибага эга бўлган салоҳиятли кадрлар танлаб олиниб белгиланган тартибда ишга қабул қилинди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА