Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳоким ёрдамчилари аҳолига кўмакчи
18:33 / 2022-12-19

Кармана тумани ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамкорлигида тумандаги ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

Иштирокчилар дастлаб “Талқоқ” маҳалласида бўлиб, тадбиркор Жўрабек Қаҳҳоров томонидан ташкил этилган “Baby spa” болалар массаж маркази фаолиятини бориб кўрди. Тадбиркор томонидан 250 миллион сўм маблағ эвазига ушбу бино қурилиб, кичик ёшдаги болалар учун массаж маркази сифатида иш бошлаган.  

– Ҳоким ёрдамчиси Суннат Дўстбоев кўмагида банкдан 33 миллион сўм имтиёзли кредит олдим, – дейди тадбиркор. – Бугунги кунда марказда 5 та янги иш ўрни яратилган. Бу ерда невропатолог шифокор тавсиясига асосан суяк ривожланишида нуқсони бўлган, юришга қийналаётган, ортопедик касалликлари бор ва ривожланишдан бирмунча орқада қолаётган болаларга Корея тажрибаси асосида массаж, гидромассаж муолажалари ўтказилади.

Бугунги кунда аҳолини иш билан таъминлаш асосий вазифалардан саналади. Маҳаллада ёш тадбиркор Акмал Қувондиқов томонидан 356 миллион сўм маблағ эвазига “Muhayyo textile” оилавий корхонаси ишга туширилган. Айни пайтда бу ерда 30 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Турли ташкилотлар учун буюртма асосида махсус иш кийимлари, болалар кийимлари, қишки иссиқ кийим ва хотин-қизлар либослари тикилаётган корхона томонидан маҳсулотлар нафақат ички бозорга, балки қўшни давлатларга ҳам буюртма асосида етказиб берилмоқда.

Пресс-тур қатнашчилари Мир Саид Баҳром маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Беҳзод Савуров томонидан ишсиз ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, кредитлар олиш, ёшларнинг касб-ҳунар ўрганиши учун яратилаётган шароитлар билан танишди.  

– Маҳалламизда 2600 нафар аҳоли яшайди, – дейди ҳоким ёрдамчиси Беҳзод Савуров. – Маҳалламиз драйвери сифатида хизмат кўрсатиш соҳаси белгиланган. Шунинг учун ҳудуддаги 8 та объект тадбиркорга фойдаланиш учун берилди ва ишга туширилди. Шунингдек, фойдаланилмай келаётган ва қурилиши тугалланмаган бино замонавий кўринишга келтирилиб, ўқув маркази ташкил этилди.

“Algorizmus” нодавлат таълим маркази ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан ташкил этилган ўқув марказларидан биридир.  

– Ҳоким ёрдамчиси Беҳзод Савуровнинг саъй-ҳаракати билан ушбу қаровсиз бинони қайта таъмирлаб, ўқув марказига айлантирдик, – дейди тадбиркор Ш.Нуриддинов. – Ҳозирда 14 нафар педагог 9 та фан йўналишида ёшларга билим бериб келяпти. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кўп болали оилалар фарзандлари учун тўловларда чегирмалар жорий қилинган.

Қиш фаслида аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш муҳим. Айни пайтда “Наврўз” маҳалласида истиқомат қилувчи Мурод Латипов ўз ҳовлиси ёнида 10 сотих ерда иссиқхона ташкил этиб, бодринг етиштирмоқда.  

– Жорий йилнинг октябрь ойида бодринг кўчатларини эккандик, шу ойнинг охирида уларни териб олиб, сотишни бошлаймиз, – дейди М.Латипов. – Ёш тадбиркор сифатида маҳалланинг ҳоким ёрдамчиси ёрдами билан банкдан 33 миллион сўм кредит олдим ва иссиқхона ёнида 60 тонналик сиғимга эга музлаткич қурдим. Ҳозирги вақтда музлаткичда 50 тоннага яқин меваларни сақлаяпмиз. Янги йил байрами арафасида бу маҳсулотларимизни ҳам халқимиз дастурхонига етказиб беришни ният қилганмиз.

Пресс-тур давомида журналистлар тумандаги “Ўзбекистон” маҳалласида ҳам бўлиб, ҳоким ёрдамчиси Ҳусен Амоновнинг тадбиркорлар билан олиб бораётган ишлари билан танишди.  

– Боғчамиз 360 ўринга мўлжалланган бўлиб, 50 киши иш билан таъминланган, – дейди “Kids Akademy” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти директори Сабина Самадова. – Боғчамизда “Билимдон” дастури билан ишлаш баробарида ноанъанавий усулларда ҳам дарс машғулотларини олиб боряпмиз. Машғулотлар фақат рус тилида олиб борилади. Бундан ташқари, корейс ва инглиз тили, менталь арифметика, спортнинг гимнастика ва таэквондо турлари бўйича тўгараклар ҳам ташкил этилган. Тарбияланувчилар учун махсус транспорт ҳаракати ҳам йўлга қўйилган.

Кармана туманидаги мавжуд 43 та маҳалла фуқаролар йиғинига тайинланган ҳоким ёрдамчилари томонидан аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Пресс-тур давомида туман Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази раҳбари Собиржон Баҳронов ОАВ вакилларига ҳамроҳлик қилди ва уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.

А.Бўриев, ЎзА