Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳоким ёрдамчилари аҳолига кўмакчи
14:53 / 2022-03-16

Президентимизнинг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Тошкент вилоятининг 1 минг 18 та маҳалласида ҳоким ёрдамчилари иш бошлаган.

Уларнинг моддий-техника базаси, мебель жиҳозлари билан тўлиқ таъминланиши учун 8,0 миллиард сўм маҳаллий бюджетдан маблағлар ажратилди. Жорий йил 1 март ҳолатига ҳоким ёрдамчилари томонидан 650,4 мингта хонадон тўлиқ хатловдан ўтказилди. Ҳозиргача “Онлайн маҳалла” электрон платформасига 632 минг 704 та хонадон киритилди.

Хусусан, ўрганилган хонадоннинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи 4 та тоифага бўлиб олинди.

1 тоифа – 6,8 фоиз хонадон қамраб олиниб, улар даромади кам, ишсиз аъзолари бўлган, ўз ишини бошлашга қизиқиши катта, шунингдек, даромад топиш ва касб ўрганишга ҳаракат қилаётганлар.

2 тоифа – 49,5 фоиз доимий даромадга эга, қўшимча даромад топиш истаги бор хонадонлар.

3 тоифа – 6,2 фоиз хонадон ногиронлиги бор ва касал аъзолари бўлган, боқувчисини йўқотган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтожлар.

4 тоифа – 34,6 фоиз иқтисодий аҳволи яхши ва ўзига тўқ хонадонлар киритилди.

– Маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширишда янги тажрибанинг аҳамияти катта бўляпти, –дейди Тошкент вилояти маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи З.Йўлдашов. – Асосий эътибор сифатида ишсиз ва доимий даромадга эга бўлмаган аҳоли қатламига субсидия ва кредитлар ажратган ҳолда улар бандлиги таъминланяпти. “Онлайн маҳалла” электрон платформасининг бугунги кун маълумотига кўра, вилоятда меҳнатга лаёқатли ишлаш истаги бўлган ишсизлар сони 32 минг 950 нафар, улардан касб-ҳунарга ўқиш истаги борлар 5 минг 536 нафарни ташкил этади. Вилоят бўйича бугунги кун ўрганиш ҳолатига ногиронлиги бўлган шахслар 31 минг 378 нафарни ташкил этади. Хатлов натижаларига кўра, маҳаллаларда тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги борлар 12 минг 784 нафар, янги фаолиятини бошлаган тадбиркорлик субъектлари эса 2 минг 657 нафарга етгани аниқланди.

Ҳудудларнинг ўсиш нуқталари ва ривожлантириш имкониятлари бўйича вилоятда 465 та маҳалла чорвачилик, 374 та маҳалла иссиқхона, 232 та маҳалла паррандачилик, 173 та маҳалла боғдорчилик ва узумчилик, 296 та маҳалла эса хизмат кўрсатиш ва туризм соҳасида имкониятлари юқори бўлиб чиқди. Шундан келиб чиқиб, ишлар амалга оширилади.

Айрим ҳолларда “хонадонбай” аҳолини хатлов қилиш ва “online-mahalla.uz” платформаси билан ишлашда юзага келаётган тушунмовчиликларни бартараф этиш чоралари кўриляпти.

А.Мусаев,ЎзА