French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳоким ёрдамчилари аҳолига кўмакчи бўлмоқда
12:18 / 2024-10-15

Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолияти йўлга қўйилганлигига ҳам қарийб уч йил бўлмоқда. Бугунги кунда бу тизим ўзини оқламоқда, десак муболаға эмас. Чунки улар уйма-уй юрган ҳолда оилалар аҳволини ўрганиб, тегишли тартибда чоралар кўрмоқда. Оиланинг иқтисодий аҳволи яхшиланишига ўз ҳиссаларини қўшмоқда.

Айни пайтда Навоий вилоятининг Хатирчи туманида 70 та маҳаллада ҳоким ёрдамчилари иш олиб бормоқда. Бунёд Рустамов “Оқ олтин” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият олиб боради. Ҳозирда маҳаллада 532 та хонадонда 2881 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 101 нафари ишсиз, 32 нафари хорижга кетган, 74 нафари ногиронлиги бўлган шахс ва 81 нафари “Аёллар” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда туради.  

Йил бошидан буён ҳоким ёрдамчиси томонидан маҳалладаги барча хонадонлар хатловдан ўтказилиб, фуқароларнинг яшаш шароитидан келиб чиққан ҳолда 4 та тоифага ажратиб олинди. Маҳалла туман марказидан унча узоқ бўлмаганлиги боис аҳоли тиғиз жойлашган. Шу сабабдан маҳаллада хизмат кўрсатиш соҳаси ҳам яхшигина ривожланган.  

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ҳоким ёрдамчиси томонидан 134 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. Уларнинг 31 нафари доимий иш ўринларига жойлаштирилди, 8 нафари касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди, 42 нафари ўзини-ўзи банд қилган бўлса, 11 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлади, 1 нафари жамоатчилик асосида ишга жойлаштирилди. 41 нафар ёшларга деҳқончилик учун 27,8 га ер майдони ажратилди.

– Фаолиятимни бошлаган давримда дастлабки ишим хатлов жараёни бўлган, – дейди Б.Рустамов. – Маҳалладаги 532 та хонадон 4 тоифага ажратилган ҳолда, “mahalla.uz” платформасига киритилган. Маҳалламиз драйвери асосан чорвачилик ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган бўлиб, чорвачилик бўйича 120 та оилага 1,5 миллиард сўмлик 856 бош чорва моллари олиб берилди. Ҳудудда 15 та лот “е.auksion” электрон савдо платформаси орқали ўз эгаларига расмийлаштирилди. Натижада 5 та савдо дўкони, 10 та хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилди ва 22 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди. Мен маҳаллада ишни бошлаганимда тадбиркорлик субъектлари сони 12 тани ташкил этган бўлса, ҳозирги кунга келиб уларнинг сони 63 тага етди.  

Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси ёрдамида Президентимизнинг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан якка тартибдаги тадбиркор Юлдошев Шоҳрух Ўктамжон ўғли чорвачиликни йўлга қўйиб 2 нафар ишсиз фуқаронинг бандлигини таъминлаган бўлса, “Керамик Тишлар” МЧЖ га 100 миллион сўм кредит ажратилиши эвазига керамик тишлар ишлаб чиқариш кичик мажмуаси ишга туширилди ва 3 нафар ишсиз фуқаро доимий даромад манбаига эга бўлди. Эътирофли жиҳати шундаки, бугун маҳаллада тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаролар сони тобора ортиб бормоқда. Улар ҳоким ёрдамчиси кўмагида тадбиркорлик фаолиятини бошлаб доимий даромад манбаига эга бўляпти.  

– Тикувчилик менга она касб. Бугунги кунда миллий ва замонавий кийимларга талаб катта, – дейди Севинч Анорова. – Яқинда ҳоким ёрдамчисига тадбиркорлик фаолиятимни кенгайтириш мақсадида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Мурожаатим ижобий ҳал этилиб, субсидия асосида оверлок тикув машинкаси олиб берилди. Шунингдек, ижара асосида бино ажратилди. Натижада яна қўшимча 3 нафар хотин-қизга тикувчилик сирларини ўргатиш билан бирга уларнинг бандлигини ҳам таъминладим.  

Бугун маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари зиммасидаги масъулиятни теран англаган ҳолда, аҳолининг оғирини енгил қилишга, ҳудуддаги турли ижтимоий муаммоларни жойида ҳал этишга, тадбиркорликни ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.  

Албатта, Юртбошимиз томонида ҳоким ёрдамчилари олдига аниқ вазифалар қўйилган. Яратиб берилаётган имконият ва билдирилган юксак ишонч эса уларга янада куч-ғайрат бағишлаши шубҳасиз.

А.Бўриев, ЎзА мухбири