Маҳалла фуқаролар йиғинларида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича иш бошлаган ҳоким ёрдамчилари хонадонма-хонадон юриб, оилаларнинг реал ҳолатини ўрганмоқда.
Навоий вилояти Конимех туманидаги 10 та маҳалла фуқаролар йиғини ва 5 та овул фуқаролар йиғинида ҳоким ёрдамчилари иш олиб бормоқда. Улар маҳалладаги ишсиз аҳолини иш билан таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, ижтимоий дафтарларга киритиладиган фуқаролар рўйхатини шакллантириш бўйича ишламоқда.

Жамшид Жумабаев “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳоким ёрдамчиси вазифасида иш бошлади. У ишни маҳалла аҳолиси билан яқиндан танишиш билан бошлади. Ҳозирда маҳаллада 670 та хонадонда 2 минг 760 нафар киши истиқомат қилади. Уларнинг 395 нафари 30 ёшгача бўлган ёшлар, 1 минг 437 нафари хотин-қизлар, 48 нафари кам таъминланган оилалар вакилидир.

Ҳоким ёрдамчиси шу кунга қадар 158 та хонадонда бўлиб, хонадон вакиллари билан суҳбатлашди, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганди.
– Фуқаролар билан танишиб суҳбатлашарканмиз уларнинг муаммолари бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва амалий кўмак беришга ҳаракат қиляпмиз, – дейди ҳоким ёрдамчиси Ж.Жумабаев. – Ўрганишларимиз натижасида 3 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳат берган бўлсак, Азамат Пўлатов хонадонида ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Унга 20 та товуқ ва 10 та ўрдак, уларни сақлаш ҳамда кўпайтириш учун товуқхона қуриб берилди. Шунингдек, 4 қути асалари уяси ҳам олиб берилди. Ҳозирча 12 та хонадон соҳиблари тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида 560 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари сўради. 3 та хонадон эгалари эса иссиқхона шароитида манзарали гул кўчатлари етиштиришни ният қилган. Яна бир хонадон эгаси эса мавжуд иссиқхонасини кенгайтиришни мақсад қилган.
Ҳоким ёрдамчилари томонидан барча маҳаллаларда ўрганиш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА