Сурхондарё вилоятида туман ҳокимлари ишлаш ва ўқиш учун хорижга кетган ёшлар билан онлайн мулоқот қилмоқда.
Бу масалага Шўрчи тумани ҳокими Акбарали Ишмурзоев андак бошқачароқ ёндашиб, дастлаб чет элда ўқиш ёки ишлаш учун кетган ёшларнинг хонадонларида бўлди. Уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлашиб, хонадонлардаги муаммолар билан қизиқди. Шундан сўнг туман раҳбари Англия, Швейцария, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия ва бошқа давлатларда миграцияда юрган ёшлар иштирокида онлайн мулоқот ўтказди.


Очиқ ва самимий мулоқотда 185 нафар шўрчилик ёш иштирок этди. Акбарали Ишмурзоев уларга туманда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида атрофлича маълумот берди. 16 йўналишда бакалавр ва учта йўналишда магистр мутахассисларни тайёрлайдиган туманнинг Оқкамар маҳалласида яқинда иш бошлаган Навоий инновациялар университети, жойларда яратилаётган янги иш ўринлари тўғрисида фикр алмашди. Ёшлар хориждаги ҳаёти, меҳнат фаолияти ва келгусидаги режалари ҳақида сўзлаб берди. Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан таклифлар билдирилди.


Маълумотларга кўра, айни пайтда Шўрчи туманидан дунёнинг турли давлатларига ўқиш ва ишлаш учун кетган 3 минг 292 нафар ёш хорижда яшамоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири