Қобил Ярлақабов Навоий шаҳридаги “Янгиобод” МФЙда жойлашган 2-сонли ётоқхонада истиқомат қилади. Ўзи 1-гуруҳ, турмуш ўртоғи Дилором опа Маматова ва ўғли Жамшид эса 2-гуруҳ ногирони.
Ота-онанинг ягона орзуси ўғлини иш билан банд қилиб, ишга жойлаштириш. Аммо бир қатор ташкилотларга мурожаат қилишганига қарамасдан ўғлини ишга жойлаштира олишмади.
Маҳаллада Навоий шаҳар ҳокими билан бўлиб ўтган учрашувда ўғлига иш сўраб мурожаат қилган эди. Ҳоким фақат ҳайдовчилик қилиш кўникмасига эга Жамшид ва уларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олиб, енгил автомашина олиб беришни ваъда қилган эди.
Ваъда бажарилди. Ҳоким Жамшиджонга ваъда қилинган автомашина калитини топширди. Бугун кўнгли ўксик бир оиланинг хонадонида байрам.
– Чиндан бугун оиламизда қувончли кун, – дейди Қобил Ярлақабов. – Тўғриси ваъда ваъдалигича қолиб кетади, деб ўйлагандим. Аммо ... Энди ўғлим ҳам бошқалар қатори ўзини ўзи банд қилган ҳолда даромад топиб, оиламизга фойдаси тегади. Қолаверса, ўзининг шахсий автомашинаси бор.
Абдували Бўриев, ЎзА