ФОТОРЕПОРТАЖ
Сирдарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Акмалжон Маҳмудалиев Тошкент кимё технологиялари институти Янгиер филиали талабалари билан учрашди. Вилоят раҳбарига Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Дилнозахон Каттаханова ҳамроҳлик қилди.
Эртанинг талаби аввалгиларга ўхшамайди. Янги технологиялар ҳукмрон бўладиган замонга кириб бўлдик. Боз устига ҳозирги ёшларнинг аксарияти замонавий технологияларга жуда қизиқади. Шундан келиб чиқиб, филиал қошида "IT-center", яъни Инкубация ва акселерация маркази ташкил этилди.
[gallery-11244]
Учрашув аввалида замонавий ўқувхоналари ва компьютерлар, зарур АКТ жиҳозлари билан таъминланган марказнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ерда талабалар дастурлаш ва ахборот технологиялари соҳасида ўз билим ва кўникмаларини ошириши учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Акмалжон Маҳмудалиев талабаларнинг ўз ихтисослиги бўйича касбий маҳоратини ошириш, илмий ишланмаларини амалиётга татбиқ этиш учун илм-фан ва ишлаб чиқаришни ўзаро интеграция қилиш зарурлигини таъкидлади. Ўз навбатида иштирокчиларнинг бу борадаги фикрларини тинглади.
Учрашувда бир гуруҳ ёшлар ўз таклиф ва мулоҳазаларини айтди. Аҳамиятли томони, уларнинг ҳеч бир эътибордан четда қолмади. «Ҳоким стипендияси»ни жорий этиш, ҳоким ва талаба ёшлар ўртасида онлайн мулоқот майдонини яратиш, филиал кутубхонаси фондини бадиий адабиётлар билан бойитиш ва "Workout" спорт майдончаларини кўпайтириш каби кўплаб ташаббуслар вилоят раҳбари томонидан қўллаб-қувватланди.
Шаҳриёр ОРТИҚБОЕВ (сурат), ЎзА