Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳоким ва профилактика инспекторлари иштирокида учрашув ўтказилди
19:04 / 2026-02-09

Маҳалла жамиятнинг энг кичик, бироқ энг муҳим бўғини ҳисобланади. Айнан маҳаллаларда фуқароларнинг тинчлиги, осойишталиги ва фаровон ҳаёти таъминланади. Бу жараёнда ҳудудий профилактика инспекторларининг ўрни беқиёс бўлиб, улар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли билан бевосита мулоқот олиб бориш орқали ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Шу мақсадда Сирдарё тумани Ички ишлар бошқармасида ҳудудий профилактика инспекторлари билан очиқ мулоқот шаклида учрашув ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, вилоят прокурори Савид Иматов, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Фаррух Ҳайдаров ҳамда соҳада фаолият юритаётган профилактика инспекторлари иштирок этишди.

Учрашув давомида ҳудудларда ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, айниқса, маҳаллалар кесимида олиб борилаётган ишлар ҳолати атрофлича таҳлил қилинди. Қайд этилишича, ҳозирда Сирдарё туманида жами 38 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, улардан 5 таси “қизил”, 22 таси “сариқ” ва 11 таси “яшил” тоифага киритилган. Ушбу кўрсаткичлар асосида жиноятчилик хавфи юқори бўлган маҳаллаларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар танқидий кўз билан кўриб чиқилди, мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Вилоят ҳокими ўз сўзида профилактика инспекторларига жиноятчилик хавфи юқори бўлган маҳаллаларда ишларни янгича механизмлар асосида ташкил этиш, алоқадор идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлаётган омилларга чуқур эътибор қаратиш, аввало аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва ишсиз фуқаролар билан манзилли ишлаш муҳим экани қайд этилди.

Мулоқот жараёнида профилактика инспекторларининг ҳудудларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган таклиф ва ташаббуслари ҳам тингланди. Хусусан, наркология диспансерини таъмирлаш, “Хавфсиз маҳалла” тамойили асосида замонавий интеллектуал кузатув камераларини ўрнатиш, шунингдек, хизмат вазифаларини самарали бажариш учун профилактика инспекторларини янги хизмат уйлари билан таъминлаш масалалари илгари сурилди.

Учрашув якунида билдирилган мурожаат ва таклифларнинг қисқа муддатларда ижобий ҳал этиш бўйича масъул раҳбарларга аниқ ижро муддатлари белгилаб берилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири