Маълумки, янги таҳрирдаги Конституцияда халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилиши ҳамда вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслигини назарда тутувчи янги норма ўз аксини топди.
Янги конституциявий-ҳуқуқий шароитларда ҳоким ва маҳаллий Кенгаш раиси лавозимлари ажратилаётгани амалдаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш заруратини юзага келтирди.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
— Бир гуруҳ депутатларимиз томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳокимлар ҳамда маҳаллий Кенгашларнинг ваколатларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда, — деди депутат И.Қудратов. — Хусусан, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши, халқ депутатлари Кенгаши раиси ўз вазифаларини бажариш даврида доимий ва бошқа комиссиялар, партия гуруҳлари таркибига кириши мумкин эмаслиги, кенгашлар йиғилишларида ҳоким номзоди кўриб чиқилаётганида номзод маҳаллий Кенгаш депутатларига ҳудудни ривожлантириш дастурини тақдим этиши шартлиги белгиланмоқда.
Шунингдек, маҳаллий Кенгаш ва ҳоким қабул қиладиган ҳужжатлар Ягона электрон тизимда (e-qaror.gov.uz) рўйхатдан ўтказилиши ва тизимга жойлаштирилиши, рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатларнинг ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши белгиланмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини янада оширишга, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси моддама-модда муҳокама қилиниб, унинг муҳимлиги алоҳида эътироф этилди. Лойиҳа қабул қилиниб, Сенатга юбориладиган бўлди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА