Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳоким таълим соҳаси ходимлари билан учрашди
17:47 / 2023-09-06

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев янги ўқув йили бошида фойдаланишга топширилган Жиззах шаҳридаги 30- умумтаълим мактабида олий таълим муассасалари ҳамда умумтаълим мактабларининг ўқитувчи-педагог ходимлари билан учрашди.

Учрашув 28 август куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видео селектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар ҳамда янги ўқув йилида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар мавзусига қаратилди.  

Кейинги йилларда вилоятда кўплаб замонавий мактаблар барпо этилаётгани, Президент мактаблари, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи кенгаяётгани бугун ўзнинг ёрқин самараларни бераётгани, шу билан бирга тизимда қатор муаммолар ҳам мавжудлигини айтиб ўтди.  

Вилоятда айни пайтда халқ таълими тизимига қарашли жами 600 га яқин таълим ташкилотлари, шундан 558 та умумтаълим мактаби, 1 та Президент, 1 та ижод, 13 та ихтисослаштирилган, 4 та махсус ва 9 та хусусий мактаблар, шунингдек, 14 та “Баркамол авлод” болалар мактаби ҳамда 1 та болалар кутубхонаси мавжуд.  

– Қўлга киритилган ютуқлар ўзимизники. Бироқ мактаб таълими соҳасида ўз ечимини кутаётган долзарб масалалар ҳали анчагина. Олий ўқув юртида тайёрланаётган педагогларнинг малакасини ошириш, сифатли таълим бериш йўлида нафақат мактаб, балки шу йўналишда ўқишни битираётган кадрлар сифатига ҳам алоҳида эътибор бериш керак, – деди Эргаш Солиев.  

Шунингдек, вилоят ҳокими, ўқитувчи-педагоглар билан учрашув чоғида, тизимдаги шу каби камчилик ва муаммоларни таҳлил қилар экан, таълим-тарбия муассасаларида ёшларга дарс бераётган кадрларнинг билим савиясини ошириш, ўқитувчи ва ўқувчиларга барча шароитни яратиш бўйича масъулларга топшириқлар берди.  

А.Қаюмов, ЎзА мухбири