Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳоким талаба ёшлар ҳузурига борди
14:00 / 2023-09-10

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон давлат тиббиёт институтининг талаба ёшлари билан учрашди.

Учрашувда институт профессор-ўқитувчилари, биринчи ва иккинчи босқич талабалари иштирок этди. Унда вилоят ҳокими мамлакатимизда талабаларнинг пухта билим олиши, малакали мутахассис бўлиб етишиши, иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилиб берилаётганлигини таъкидлади. Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан олий ўқув юртлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, илмий салоҳиятини юксалтириш, таълим сифатини халқаро андозалар даражасига кўтариш, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги ҳақида кенг маълумот берилди.    

[gallery-13515]

Бундан етти йил аввал Андижон давлат тиббиёт институтида 3 минг 700 нафар талаба ўқиган бўлса, бугунги кунга келиб ушбу олий ўқув юртида 40 дан ортиқ тиббий ихтисослик бўйича 11 минг нафар талаба таҳсил олмоқда. Бундан ташқари, институтга қарашли клиника ҳудудида барпо этилган икки минг ўринли замонавий, барча қулайликларга эга янги бино талабаларнинг билим ва малакасини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.  

Илғор хорижий тажрибалар асосида ўқув ишлари самарадорлигини ошириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, институт Россия, Беларусь, Украина, Қозоғистон, Ҳиндистон ва бошқа қатор ривожланган давлатлардаги тиббиёт олий ўқув юртлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.    

Учрашувда аҳоли сонининг ортиб бориши, янги тиббиёт объектлари барпо этилаётгани, қишлоқ  ҳудудларида малакали кадрларга бўлган талабнинг ошаётгани, чекка ва олис ҳудудларда ишловчи мутахассислар учун давлат томонидан қатор имтиёзлар берилаётганлиги, тиббиёт кластерини ташкил этиш, таълим ва амалиёт жараёнларини бир вақтда олиб бориш, малакали кадрлар тайёрлаш, уларни иш билан таъминлаш масалалари ҳақида ҳам атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

Ф. Убайдуллаев,  

З. Умрзоқов (фото), ЎзА