Бугунги кунда шаҳар ва туманларда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Тадбиркорлар ислоҳотчи бўлиб, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим куч эканлигини барча яхши тушуниб етмоқда. Зеро, тадбиркорларнинг юрт фаровонлигини таъминлашдаги ҳиссаси беқиёс.
Шу сабаб ҳар бир ҳудудда тадбиркорлар муаммоларини бартараф этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов “Бухоро-Варнет” Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонасида тадбиркорлари билан очиқ мулоқот ўтказиб, уларнинг мурожаатларини тинглади.
Тадбиркорлар билан ўтказилган навбатдаги учрашувда вилоят ҳокими уларга яқиндан кўмакдош эканлигини таъкидлади. Тадбиркорларнинг мурожаатлари тингланиб, уларни қийнаб келаётган масалаларга ечим изланди.
Мазкур мулоқотда 40 нафарга яқин тадбиркор кредит олиш, божхона расмийлаштируви, сув насосларини ўрнатиш, кластер ва фермер хўжалиги ўртасидаги қарздорликларни бартараф этиш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, солиқ имтиёзлари, фаолиятни кенгайтириш, коммунал хизматлар каби масалаларда вилоят раҳбарига мурожаат қилди.
Очиқ мулоқотда кўтарилган масалаларнинг айримларига шу ернинг ўзида ечим топилди. Ижроси муддат ва қўшимча ўрганиш талаб қиладиганлари эса масъулларга йўналтирилиб, ижроси назоратга олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.