Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳоким тадбиркорлар билан учрашди
11:05 / 2024-12-25

Президент топшириғи амалда

Жорий йилнинг 20 декабрь куни Президент раислигида тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича жорий йил якунлари ва 2025 йилга асосий режалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда давлатимиз раҳбари тадбиркорларнинг эзгу мақсад билан илгари сурадиган ҳар қандай ғоя ва ташаббусини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, ҳудуд раҳбарларига тадбиркорлар билан доимий мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларни ҳал этиш зарурлиги таъкидланди.  

Йиғилишда белгиланган вазифалар юзасидан Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов жойларда тадбиркорлик субъектлари ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, инфратузилма иншоотларидан мақсадли фойдаланиш, қолаверса, атроф-муҳит тозалиги ва ободонлаштирилиши билан боғлиқ ишларни кўздан кечирди. Ҳоким дастлаб Ғиждувон туманида, қўшни Навоий вилоятига чегарадош “Сармижон” йўл-патруль маскани ҳудудида бўлди.  

Ҳудудда “М-37” автомагистрали бўйлаб фаолият юритаётган тадбиркорлар эътибордан четда қолмади. Бизнес вакилларига тегишли савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолиятига эътибор қаратилиб, мавжуд имкониятларни кенгайтиришга доир таклифлар ўртага ташланди. Шунингдек, “Сармижон” йўл-патруль маскани яқинидаги Зарафшон дарёси соҳилида аҳолига савдо ва маиший хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, аҳолининг кўнгилли ҳордиқ олиши учун зарур шарт-шароит яратишга дахлдор лойиҳалар муҳокама қилинди.  

Вилоят ҳокимининг Жондор туманидаги манзилли ўрганишлари “Зарафшон” маҳалла фуқаролар йиғинидан ўтган дарё бўйида қурилиши бораётган замонавий сайлгоҳни кўздан кечириш билан давом этди. Бунда “Соҳил бўйи” савдо-сервис иншоотлари, кафе ҳамда умумий овқатланиш шохобчалари, ўйингоҳ ва бошқа лойиҳалар муҳокама қилинди.  

Шунингдек, аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш, урбанизация жараёнини ривожлантириш мақсадида “Зарафшон” дарёси бўйига яқин ҳудудда, 31 гектар ер майдонида қурилиши режалаштирилган “Экомассив” лойиҳаси масъуллар иштирокида кўздан кечирилди.  

Айни кунда туманнинг “Охших” маҳалла фуқаролар йиғинида асосан мебель маҳсулотлари ясаб тайёрлашга мўлжалланган кичик саноат зонаси маҳаллий тадбиркорлар билан гавжумлашмоқда. Маҳаллада бугунга келиб, 684 та хонадон, 942 та оила ва уларда жами 4 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган бўлиб, бунда фаол меҳнат билан банд бўлганлар сони қарийб 1,5 минг нафарни ташкил этмоқда. Ҳудудда “Эркин бобо мебель маҳсулоти”, “Абдул Боқи Раҳмон”, “Эъзоз мебеллари” каби хусусий корхоналар МЧЖ шаклида фаолият юритиб, ўнлаб оиланинг моддий манфаатдор бўлишига имконият яратмоқда.  

Жондор тумани “Қовчун” маҳалла фуқаролар йиғинида мактаб ўқув қуроллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Караван концелярия” МЧЖ ўз фаолиятини бошлаш арафасида.  Тадбиркор Беҳруз Очилов талаб юқори бўлган ўқув қуроллари билан вилоят ва пойтахт бозорини таъминлашга, бунда асосан 5 турдаги ўқув воситаси, жумладан, шахмат-шашка доскалари, шарикли ручка ишлаб чиқаришга аҳд қилган. Лойиҳа 1 миллиард 500 миллион сўмга молиялаштирилган бўлиб, шундан 600 миллион сўм сармоя маҳаллий тадбиркорнинг ўз маблағи. Бунинг учун унга кичик саноат зонасидан 0,24 сотихдан иборат ер майдони таклиф қилинган.  

Когон шаҳри ва туманида тадбиркорлик ташаббуслари ҳам вилоят ҳокими эътиборида бўлди. Масалан, “Туткунда” маҳалла фуқаролар йиғинида “Когон марс плюс” МЧЖ 12 сотихдан иборат майдонда тоғ-кон саноати йўналишидаги технологиялар учун мураккаб ускуна ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Тадбиркорлик субъекти тендер савдосида 50 миллиард сўмга тенг лойиҳаларни ютиб олиб, ҳозирда 60 нафар ишчи-мутахассис бандлигини таъминламоқда.  

Айтиш жоизки, айни кунда “Ўрта шаҳарлар” инфратузилмасини  ривожлантириш лойиҳаси доирасида темирйўлчилар шаҳрида ҳам қатор қурилиш-таъмирлаш ишлари лойиҳалаштирилган. Жумладан, сувоқава тармоғини янгилаш туфайли ҳудуддаги 7 та маҳаллада хонадонлар, кўп қаватли турар жой ва ижтимоий соҳа иншоотлари, умумий ҳисобда 15 мингдан ортиқ аҳолини сувоқава тармоғи билан таъминлаш имконияти яратилади.  

Шу билан бирга, вилоят раҳбари Когон шаҳри “Бухорои шариф” маҳалла фуқаролар йиғинида қайта реставрация қилиниши белгиланган иншоотларда бўлиб, уларда режалаштирилган чора-тадбирлар билан яқиндан танишди.  

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.