Ҳар бир меҳнат рағбат топгани билан гўзаллашади. Айниқса, илм кишилари ҳамиша эътиборга муносиб. Шу мақсадда юртимиз бўйлаб қатор илмий кўрик-танловлар, олимпиадалар ташкил этилиб, ғолиблар муносиб тақдирланмоқда.
Ана шундай ташаббусларнинг мантиқий давоми ўлароқ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Халқаро Нордик университети ҳамда IDС таълим маркази ҳамкорлигида математика ва физика фанлари ўқитувчилари ўртасида “Ҳоким соврини” олимпиадаси ўтказилди.


Қизғин тарзда кечган беллашувлар натижасига кўра ғолиблар аниқланди.
Совриндорларни тақдирлаш маросимида Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова, Халқаро Нордик университети ректори Шерзод Мустафоқулов ҳамда Финляндиянинг Ўзбекистондаги фахрий консули Алишер Жўраев иштирок этди.


Ҳар бир фан бўйича энг юқори натижаларни қайд этган ўқитувчиларга ғолиблик сертификатлари ҳамда Финляндия ва Швециядаги амалиёт дастурларида иштирок этиш ваучерлари топширилди.
Тадбир сўнгида “Тошкент тажрибаси” лойиҳасига жалб қилинган мактабларга таълим жараёнини янада самарали ва замонавий талабларга мос тарзда ташкил этиш учун зарур ўқув жиҳозлари тақдим этилгани мутахассисларни беҳад мамнун қилди.

Шербек Исломов, ЎзА