Фармон ва ижро
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Билим ва инновациялар Миллий маркази(AKIS)да Президентимиз топшириғига асосан илк бор туман-шаҳар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари учун ўқув-амалий семинар бошланди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбир очилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг аграр ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев, Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори вазифасини бажарувчи Улуғбек Ҳусаинов сўзга чиқиб, Президентимизнинг 2025 йил 6 декабрдаги “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони доирасида амалга оширилаётган мазкур ташаббусдан кўзланган вазифалар ҳақида сўз юритди.

Асосий мақсад ҳудудларда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида бошқарув самарадорлигини ошириш, илғор тажриба ва инновацион ёндашувларни жорий этиш, раҳбар кадрларнинг билим ва амалий кўникмаларини ривожлантиришдан иборатдир. Ўқув жараёнида қишлоқ ва сув хўжалигида замонавий бошқарув ёндашувлари, “ақлли қишлоқ хўжалиги” технологиялари, агросаноатда қайта ишлаш, логистика ва агрокластерлар фаолияти, натижага асосланган бошқарув ҳамда KPI тизимларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинади.

– Семинарга Франция, Туркия ва Хитой давлатларидан таклиф этилган хорижий экспертлар, халқаро “Simmit” ташкилоти вакиллари, шунингдек, маҳаллий соҳавий мутахассислар жалб этилган. Ўқув дастури доирасида иштирокчилар Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги намунавий иссиқхоналар, мева-сабзавотларни қайта ишлаш корхоналари, логистика марказлари ҳамда агрокластерлар фаолияти билан яқиндан танишади. Семинар якунлари бўйича ўқув курсларида фаол иштирок этган ва самарадорлик кўрсаткичлари юқори бўлган туман ҳоким ўринбосарлари ҳамда бизнес вакилларидан иборат 30 нафар иштирокчини Нидерландия, Италия, Испания ва Хитой давлатларига халқаро малака оширишга юбориш режалаштирилган, – дейди Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров.

Семинар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида натижага асосланган бошқарув тизимини жорий этиш мақсадида ташкил этилди. Жараён беш кун давом этиб, дастлаб 27 та туманлардан иштирокчи жалб этилган ва жами мамлакатимиз бўйича 164 та ҳудуд қамраб олинади.

– Бу семинар биз учун жуда фойдали бўлмоқда, – дейди Бўстонлиқ тумани ҳокими ўринбосари Бекзод Туропов. – Бу ерда олган билим ва тажрибамиз келгусида ўз натижасини беради. Бизнинг ҳудуд мева-сабзавот етиштиришга ихтисослашган. Охирги пайт резавор экинлар етиштириш ҳам оммалашиб, бу йўналишларда сифатли ҳосил етиштириш борасида тизимли ишлар қилинмоқда.

А.Мусаев, ЎзА.