Жиззах шаҳридаги Давлат хизматлари марказида аҳоли учун навбатдаги оммавий қабул бўлиб ўтди.
Унда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев, вилоятдаги Президент Халқ қабулхонаси мудири Байрамбек Узоқов, Жиззах шаҳар ҳокими Комил Холмуродов, вилоят ҳокими ўринбосарлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, Жиззах шаҳар Кенгаши депутатлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, шаҳар ҳокими ёрдамчилари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Дастлаб вилоят ҳокими Эргаш Солиев Жиззах шаҳрида 2022 йилда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ва 2023 йилги режалар, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш мақсадида бажариладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари хусусида гапирди.
Таъкидланганидек, Жиззах шаҳрида ўтган 2022 йил давомида 3 та Давлат дастури ижроси доирасида жами 287 миллиард 300 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Инвестиция дастури доирасида 23 та объектда 261 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, 15 та объект янгидан бунёд этилди ва фойдаланишга топширилди.
“Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари бўйича “Оққўрғонлик”, Амир Темур номли ва “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида барча манбалар ҳисобидан 22 миллиард 100 миллион сўмлик ишлар амалга оширилган.
Маҳаллаларда ичимлик суви, электр энергияси, ички йўллар ва бошқа инфратузилма объектлари билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳал этиш мақсадида шаҳарга барча манбалар ҳисобидан 3 миллиард 300 миллион сўм маблағ ажратилган.
Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан шаҳардаги 22 та объект учун 120 миллиард 400 миллион сўмлик ишлар бажарилиши режалаштирилмоқда.
Жиззах шаҳри аҳолиси учун ўтказилган қабулда мурожаатларни тегишлилигича ўрганиб чиқиш ва белгиланган тартибда ечимини топиш мақсадида 13 та гуруҳ ташкил этилиб, вилоят ҳокими ҳар битта гуруҳ ишида қатнашиб, 87 фуқаронинг 124 та мурожаатини тинглади.
Мурожаатларнинг барчаси тегишли тартибда қайд этилиб, масъул ташкилот раҳбарларига ҳал этиш бўйича аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди. Ҳар бир мурожаат вилоят ҳокимлигининг қатъий назоратида бўлиши таъкидланди.
А.Қаюмов, ЎзА