English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳоким лавозимига номзодлар томонидан коррупцияга қарши курашиш режаси тақдим этилади
16:06 / 2025-12-11

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Мажлисда ҳукумат аъзоси ҳамда ҳоким лавозимига номзодлар томонидан коррупцияга қарши курашиш режасини тақдим этиш, судлар ишини янада мақбуллаштириш, шунингдек айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан инвестиция битими бўйича мажбуриятларни бажармаслик ва ердан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолларининг олдини олиш зарурияти юзага келгани таъкидланди.  

Шу сабабли, қонун билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ҳукумат аъзоси ва ҳоким лавозимига номзодлар томонидан коррупцияга қарши курашиш режаси тақдим этилишини белгиловчи қўшимча ва ўзгартириш киритилмоқда.

Фуқаролик процессуал ҳамда Иқтисодий процессуал кодексларга, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини соддалаштирилган тартибида кўриб чиқиш учун асос бўлувчи даъвонинг баҳосини ошириш кўзда тутилмоқда.

Инвестиция битими бўйича мажбуриятларини бажармаган тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий судларга киритилган даъволар юзасидан махсус иқтисодий зоналарнинг ва саноат зоналарининг дирекциялари давлат божини тўлашдан озод этилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ҳамда ҳокимларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги масъулияти ва ҳисобдорлигини ошириш, одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, инвестиция муҳити яхшиланишини ҳамда ердан оқилона ва самарали фойдаланилишини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Мажлисда Энергетика ҳамда Транспорт вазирликларида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг ижроси ҳолати муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, Энергетика вазирлиги 86 балл (яхши) ва Транспорт вазирлиги 79 балл (қониқарли) олган.

Мазкур вазирликлар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ҳамда соҳада амалга оширилган ишларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида 100 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилган. Ижтимоий тармоқлардаги расмий веб-сайтларида 1000 дан ортиқ маълумотлар эълон қилинган.

Жумладан, иш режалари ижроси, вазирликка тегишли автомототранспорт воситалари, харажатлар сметаси, ҳисобот йиғилишлари, бюджет ҳамда бюджетдан ташқари жамғармалар, давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар эълон қилиб борилган.

“Коррупциядан холи қонунчилик” тамойили асосида қонунчилик ҳужжатлари ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартиби такомиллаштирилган.

Рақамлаштириш ва ахборот технологияларини жорий этиш ҳамда инсон омилини камайтириш орқали соҳаларда шаффофлик ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш чоралари кўрилган. Транспорт вазирлиги томонидан Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларининг автобус қатновларида автоматлаштирилган тўлов тизими йўлга қўйилган. Ҳаво ҳамда темир йўл чипталарини онлайн сотиш тизими яратилган.

Бироқ ўрганишлар натижасида айрим эътибордан четда қолиб кетаётган масалалар ҳам борлигини кўрсатди.

Сенаторлар томонидан мазкур соҳаларда моддий-техник таъминот, тендер ва харидлар жараёнида шаффофлик паст даражада бўлгани, айрим масъул шахслар томонидан тадбиркорлардан пора олиш, тендер ҳужжатларини қалбакилаштириш ҳамда тендерда сунъий ғолиб бўлиш каби ҳолатлар кузатилганлиги танқид қилинди. Ушбу масалалар бўйича вазирликларга бир қатор тавсиялар берилди.

Сенаторлар, маҳаллий кенгашлар доимий комиссиялари раислари, қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, қонун ташаббускорлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган муҳокама якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА