Янгиер шаҳрида спортнинг футбол тури бўйича Сирдарё вилояти ҳокими кубоги финал баҳслари юқори савия, кўтаринки руҳ ва чинакам спорт муҳитида ташкил этилди.
Финал учрашуви вилоят футбол ихлосмандлари учун ҳақиқий байрамга айланди.
Ҳал қилувчи баҳсда Осиё ФК ҳамда ПФК Гулистон жамоалари майдонга тушишди. Ўйин бошидан охиригача қизғин ва муросасиз курашларга бой бўлди. Ҳар икки жамоа фаол ҳужумкор ўйин намойиш этган бўлса-да, устунликни қўлга киритган ПФК Гулистон жамоаси якунда 5:1 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди ва Сирдарё вилояти ҳокими кубоги соҳибига айланди.

Тақдирлаш маросими тантанали руҳда ўтказилди. Унда Гулистон футбол клуби президенти Ойбек Ашурматов, Сирдарё вилояти Спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов ва Сирдарё футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Рустам Қодировлар иштирок этишди. Ғолиб ва совриндорлар муносиб тарзда тақдирланишди.

Мусобақа якунида энг яхшилар алоҳида эътироф этилди. Дарвозада ўзининг маҳорати ва ишончли ҳаракатлари билан ажралиб турган Сарвар Ҳусанов (ПФК Гулистон) энг яхши дарвозабон номинациясига сазовор бўлди. Ҳимояда жамоасини ишончли қўллаб-қувватлаган Муҳаммад Исаев (ПФК Гулистон) энг яхши ҳимоячи унвонини олди.

Ярим ҳимояда фаол ҳаракатлари ва майдонни назорат қилиш қобилияти билан ажралиб турган Аҳилбек Алламбергенов (Арал ФА) энг яхши ярим ҳимоячи деб эътироф этилди. Тўпурар сифатида энг кўп гол урган ва жамоасини олға олиб чиққан Асилбек Умурзоқов (ПФК Гулистон) энг яхши тўпурарга айланди.

Шунингдек, ҳужумда серфаоллиги ва голларга қодирлиги билан ажралиб турган Асилбек Баҳриддинов (Осиё ФК) энг яхши ҳужумчи бўлди.
Ғулом Примов, Анвар Туйчиев (сурат) ЎзА