Андижон шаҳридаги умумтаълим мактабларининг 6-7 синф ўқувчилари жамоалари ўртасида футбол бўйича ўтказилган “Ҳоким кубоги” мусобақаси якунланди.
Ўқувчи ёшлар ўртасида футболни ривожлантириш ва оммавийлигини янада ошириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, маҳоратли ёш футболчиларни тарбиялаш мақсадида шаҳар ҳокимлиги ҳамда Андижон футбол академияси ҳамкорлигида турнир ўтказилди. Унда Андижон шаҳридаги умумтаълим мактаблари жамоалари иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Қизиқарли ва кескин баҳслар асосида қарийб бир ой давом этган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, Андижон шаҳридаги 48-умумтаълим мактаби жамоаси фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.
[gallery-21945]
Мусобақада иккинчи ўрин 11-умумтаълим мактаби, учинчи ўрин эса 50-умумтаълим мактаби жамоаларига насиб этди.
Мусобақа давомида 50-мактаб жамоаси дарвозабони Лутфулло Муҳаммадумаров “Энг яхши дарвозабон”, 11-мактаб жамоаси аъзоси Муҳаммадумар Жалилов “Энг яхши ҳужумчи”, 48-мактаб жамоаси аъзоси Абдулло Раимов “Энг яхши ўйинчи” деб топилди.
Мусобақа ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбирда юртимизда ёш авлодни жисмонан соғлом вояга етиши, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, айниқса, болалар футболини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди.
Андижон шаҳар ҳокими Ғофуржон Абдураҳмонов ғолиб ва совриндорларга диплом, тегишли медаль, эсдалик совғалари ҳамда “Ҳоким кубоги”ни тантанали равишда топширди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари