“Ҳоким кубоги” ғолиблари аниқланди
Сирдарё вилоятида жамоатчилик ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, ходимлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мини-футбол бўйича “Вилоят ҳокими кубоги” мусобақаси ўз ниҳоясига етди.
Жорий йилнинг октябрь ойида старт берилган мазкур спорт тадбирида 40 дан ортиқ идора ва ташкилотлар жамоалари иштирок этди. Мазкур баҳсларда 450 нафарга яқин ходимлар гуруҳ босқичи ва плей-офф беллашувларида ўз маҳоратларини намойиш этишди.


Якуний натижаларга кўра, вилоят Миллий банк жамоаси мутлақ ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўринни Давлат хавфсизлик хизмати жамоаси, учинчи ўринни эса Инсон ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги жамоаси эгаллади.


Тақдирлаш маросимида Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Фахриддин Қўшоқов иштирок этди ва ғолиб ва совриндорларни қутлаб, уларга диплом, медаль, кубок ҳамда эсдалик совғаларини топширди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири