Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги баланд тоғлар бағрида жойлашган Кўрпасой маҳалласида янгидан бунёд этилган маҳалла биносининг фойдаланишга топширилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тантанали маросимда туман ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралар, мутасадди ташкилотлар раҳбар ва масъуллари, меҳнат фахрийлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда туман фаоллари ва маҳалла фуқаролари иштирок этди.
Тадбирда Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев ва бошқалар, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг негизида аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, қулай яшаш шароитларини яратиб бериш, аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилаётгани айтилди.

– Янги бино, маҳалла фаолиятини янада самарали ташкил этиш, аҳолига қулай ва сифатли хизмат кўрсатиш имконини бериб, фуқароларнинг муаммоларини ўрганишда, уларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади, – деди Маҳмуд Холбўтаев. – Маҳаллага элтувчи йўлнинг 20 километрдан ортиқ қисми асфальт қилинди. Бу эса шу қишлоқда жойлашган болаларнинг ёзги дам олиш оромгоҳлари ва Паймарт ота зиёратгоҳига келувчи туристлар сонини ошишига, қолаверса, қишлоқ аҳли манзилининг хавфсиз бўлишига хизмат қилади.

Маҳалла биносининг очилишидан сўнг, Кўрпасой маҳалласида туман ҳокими Маҳмуд Холбўтаев иштирокида сайёр қабул ҳам бўлиб ўтди. Қабул давомида маҳалла аҳолиси билан бевосита очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг таклиф ва мурожаатлари тингланди. Ҳудудда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда маҳалла фаровонлигини янада оширишга қаратилган режалар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Аҳоли томонидан электр энергияси таъминоти, уй-жойларни таъмирлаш, кутубхона фаолиятини янада кенгайтириш, йўл ва кўча ёритгичлари масалаларида бир қатор таклиф ва мурожаатлар билдирилди. Ушбу масалалар юзасидан туман ҳокими масъуллар зиммасига аниқ вазифалар юклаб, уларни қисқа муддатларда ҳал қилиш бўйича топшириқлар берди ва бу ишларни шахсан ўзи назорат қилишини қайд этди.
“Кўрпасой” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган тадбирларга ҳамоҳанг тарзда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида кенгайтирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Унда юрак-қон томир, қандли диабет, кўз, болалар ва аёллар саломатлиги каби йўналишлар бўйича туманнинг малакали шифокорлари томонидан бепул тиббий текширувлар ўтказилди. Врачлар томонидан қўйилган ташхислардан келиб чиқиб, шифохонада даволаниши шарт бўлган беморларга вилоят, туман шифохоналарига йўлланмалар берилди, қишлоқ врачлик пунктида даволанса бўладиган фуқароларга бепул дори-дармонлар тарқатилди.

Маҳалладаги тадбирлар доирасида ёшларга қаратилган муҳим ташаббус сифатида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилгани алоҳида таҳсинга лойиқ. Меҳнат ярмаркасида туманда фаолият юритаётган турли корхона, ташкилот, муассаса, фирма ва фермер хўжаликлари ўзларидаги мавжуд бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Ишлаш истагини билдирган фуқаролар, айниқса, маҳалла ёш йигит-қизлари билан бевосита, юзма-юз мулоқотлар олиб борилди ва 7 нафар ёш йигит-қизларга ишга жойлашишлари учун йўлланмалар берилди.
Шу билан бирга, “Жиззах Мономаркази” масъуллари томонидан маҳалла ёшлари ва умумтаълим мактаб ўқувчилари учун касб-ҳунар ўргатиш курслари, уларнинг афзалликлари ҳамда келажакдаги бандлик имкониятлари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар тақдим этилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА