"Адолат" социал-демократик партияси ташаббуси билан юртимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилаётган "Бор меҳримиз сенга, болажон!" шиори остидаги донорлик акцияси Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида ҳам кўтаринки руҳ ва ҳамжиҳатликда ўтяпти.
Унда туман ҳокими Азизбек Турдимуродов бошчилигидаги ҳокимлик ходимлари, маҳаллий кенгаш депутатлари, фаол жамоатчилик ва бошқа ташкилотлар вакиллари донор сифатида иштирок этишди.


Акциядан кутилган мақсад эса аниқ – онкогематологик касалликлар билан оғриётган, шифохоналарда даво умидида ётган бемор болалар ҳаётини сақлаб қолиш ва уларга беғараз ёрдам кўрсатиш.


–“Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остидаги акция шунчаки тадбир эмас. Бу – жавдираган қора кўзли болажонлар, соғлом ҳаётга умид билан қараётган бемор инсонларнинг тақдирига дахлдор хайрли ташаббус. Биз топширган қон кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиши, оилаларга бахт, юзларга табассум улашиши мумкин. Шу боис, бундай хайрли ишга бефарқ қараш асло мумкин эмас, – деди туман ҳокими Азизбек Турдимуродов.

Бу хайрли ташаббус бутун вилоят бўйлаб изчил давом этмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири