Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳоким футбол мухлислари билан учрашди
17:32 / 2026-02-17

Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси раиси Шавкат Абдураззоқов 2026 йил мавсуми олдидан "Навбаҳор" клуби мухлислари билан учрашди.

Унда вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда “Лочинлар” клуби раҳбарияти, клуб аъзолари ва фахрий мухлислар, ёшлар жамоалари мураббийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Учрашувда янги мавсумга пухта тайёргарлик кўриш, “Навбаҳор”ни сафар ҳамда уй учрашувларида тартибли, кўтаринки руҳда қўллаб-қувватлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Миллионлар ўйинига бўлган қизиқишни ошириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Таъкидланганидек, “Навбаҳор” нафақат юртимиз, балки Осиё яшил майдонларида ҳам ўзига хос брендга айланган. Футбол наманганликлар ҳаётининг бир қисми, десак асло муболаға бўлмайди.  Шу маънода, қитъамизда ўз сўзини айтган “Лочинлар”нинг сўнгги йиллардаги ютуқлари, севимли жамоамизнинг аввалги мавқеи тикланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.  

Вилоят ҳокими фаол мухлисларга миннатдорлик билдириб, ишқибозларнинг садоқати ва қўллаб-қувватлаши катта куч эканлигини таъкидлади. Мулоқот якунида “Навбаҳор” равнақи йўлида олиб борилаётган ишларга бардавомлик, “Лочинлар”га янги мавсумда омад  тиланди.

Дарвоқе, жамоа раҳбариятида бир қатор кадрлар ўзгариши амалга оширилди. Стадионда ўтган йиғилиш қарорига кўра, Абдумалик Умрзоқов “Навбаҳор” клуби директори, Миршод Мирзаев клуб тижорат директори, Набихон Абдуғаниев “Марказий” ўйингоҳ директори этиб тайинланди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА