Юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, уларнинг таълим олиши, касб эгаллаши ва жамиятда муносиб ўрин топишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар бугун ўз самарасини бермоқда.
Бухоро вилояти Шофиркон тумани ҳокими Алишер Файзиллоевнинг бухоролик талабалар билан учрашуви ҳам қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Бухоро вилоятидаги еттита олий таълим муассасасини битираётган талабалар иштирок этган очиқ мулоқотда билдирилган мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди.
Учрашувда битирувчиларнинг юздан зиёд мурожаати тингланди. Уларнинг аксарияти мутасаддилар иштирокида жойида ҳал этилди, айримларига тегишли ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди. Талабалар асосан ишга жойлашиш, таълим ва тиббиёт соҳасидаги муаммолар, шунингдек, имтиёзли кредитлар, субсидиялар, тадбиркорликни йўлга қўйиш масалалари бўйича мурожаат қилди.
[gallery-23475]
– Сизларнинг фаоллигингиз, саволларингиз ва ташаббусларингиз биз учун муҳим, – деди туман ҳокими Алишер Файзиллоев. – Бугунги мулоқот шунчаки учрашув эмас, балки ҳар бир мурожаат ортида турган ҳаётий масалаларни ҳал этишнинг амалий босқичидир. Президентимиз таъкидлаганидек, ёшлар – бу бизнинг бугунимиз ва эртамиз. Биз уларнинг билим олиши, касб эгаллаши, орзу-мақсадларига эришиши учун барча шарт-шароитларни яратишга мажбурмиз. Ҳар бир ёшнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши давлат сиёсатининг устувор йўналишидир.
Тадбирда иштирок этган битирувчилар ўзлари учун керакли маслаҳатларни олганидан мамнунлигини билдирди.
–Мен педагогика йўналишида таҳсил олдим, – дейди Бухоро давлат университети талабаси Зиёда Норқобилова. – Мактабда ишлашни истайман. Бугун мутасаддилар билан бевосита гаплашиб бу масала бўйича тегишли маслаҳат олдим.
Бухоро инновациялар университети битирувчиси эса ўз бизнесини бошлаш ниятида экани, имтиёзли кредит ва қўллаб-қувватлаш механизмлари бўйича батафсил маълумот олганини билдирди.
Бандликка кўмаклашиш маркази, соғлиқни сақлаш, таълим, ёшлар ишлари, солиқ каби мутасадди ташкилот вакиллари томонидан битирувчиларнинг саволларига батафсил жавоб берилди.
Мутасаддилар ёшларнинг касб танлаши, ҳаётда ўз ўрнини топиши доимий эътибордалиги, ишсиз ёшларни аниқлаш, касб-ҳунарга йўналтириш, ишга жойлаштириш ва кредитлар ажратиш бўйича чора-тадбирлар тизимли йўлга қўйилганини таъкидлашди.
Мулоқот якунида барча мурожаатлар бўйича назорат карточкалари очилиб, уларни ҳал этиш юзасидан аниқ чоралар белгиланди.
Дилором Ғаффорова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Шофиркон тумани бўлинмаси раҳбари