Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон шаҳридаги 1-умумтаълим мактаби битирувчилари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда вилоят ҳокими кейинги йилларда мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги, айниқса, уларнинг пухта билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши, ўз салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, бу борада Андижонда ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.

Тадбир давомида вилоят ҳокими ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқотда бўлиб, битирувчиларнинг келажак режалари, олий ўқув юртларига кириш истаклари, танлаган касб ва йўналишлари, мақсад ва қизиқишлари, таклиф, ташаббус, фикр ҳамда мулоҳазаларини эшитди.

Ҳоким ёшларнинг таклиф ва ташаббусларини ҳамиша қўллаб-қувватлашини, мактабни тамомлаётган ёшлар албатта, бирор касбни ҳамда хорижий тилни ўрганган ҳолда битириши лозимлигини айтиб ўтди. Шунингдек, битирувчилар учун вилоятдаги олий ўқув юртларига саёҳатлар ташкил этиш, умуман, бандлигини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берди.


Учрашув якунида вилоят ҳокими битирувчиларнинг келгуси ишларида муваффақиятлар тилади, уларни яратиб берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишга чақирди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари