Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев “Ангрен” эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан танишди. Бу ерда вилоят раҳбари хорижий ва маҳаллий инвесторлар билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммо ва таклифларини тинглади.
Мазкур эркин иқтисодий зонада 63 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Ҳозиргача 47 таси ишга туширилди.
Ҳоким дастлаб Хитойнинг йирик компаниясига тегишли “Zhong Peng ceramics international” МЧЖ хусусий корхонасида бўлиб, олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Ҳозир ишлаб чиқариш тармоқлари учун қарийб 10 гектардан зиёд ер майдонида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу корхона йилига 7 миллион 500 минг квадрат метр керамик керамогранит плитка ишлаб чиқариш қувватига эга. Лойиҳа қиймати 29 миллион 549 минг долларга тенг.
Хорижий инвестор “Shandong Dongba Trade” компанияси бўлиб, корхона келгуси йилнинг иккинчи чорагида ишга туширилиши режалаштирилган. Корхона ишга тушгач, йиллик экспорт ҳажми 12,7 миллион долларни ташкил этади. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми эса 575,1 миллиард сўм бўлиб, 260 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Суҳбат давомида хитойлик ҳамкорлар лойиҳани “Яшил энергия” тамойили асосида татбиқ этиш таклифини қўллаб-қувватлади.
Вилоят ҳокимининг навбатдаги манзили ун ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни мўлжаллаган “Mill Expo” МЧЖ қўшма корхонаси бўлди. Ҳоким мазкур лойиҳа бўйича мутахассислар билан суҳбатлашди.
Мулоқотда ун маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва ҳудуд ер майдонидан самарали фойдаланиш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва шу орқали иш ўринларини кўпайтириш билан боғлиқ таклиф, тавсиялар билдирилди. Шунингдек, шаҳардаги инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ҳудуд имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида “Ангрен” ЭИЗ ҳудудининг иқтисодий имкониятлари сарҳисоб қилинди.
Бундан ташқари, Қозоғистоннинг “Ecoton Sharq” МЧЖ хорижий корхонасининг фаолияти ҳамда Мустақиллик маҳалласида жойлашган “Angren avtobus taksi saroyi” МЧЖ чинни идишлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги завод қурилиши лойиҳалари ҳам ўрганилди.
А.Мусаев, ЎзА мухбири