Тарих саҳнасидаги буюк ҳукмдорлар номи кўпинча улкан фатҳлар, мислсиз жанглар ва забт этилган мамлакатлар билан ёнма-ён тилга олинади. Биз уларнинг образини қўлида қилич тутган, жанговар либослардаги саркарда сифатида тасаввур қилишга ўрганиб қолганмиз.
Аммо салтанатларнинг пойдеворини фақатгина қиличнинг зарби билан қуриб бўладими? XVI асрнинг буюк давлат арбоби Абдуллахон салтанати солномачиси Ҳофиз Таниш Бухорий ўзининг “Абдулланома” асарида бу саволга бутунлай кутилмаган, бугунги кун учун ҳам долзарб бўлган фалсафий жавобни тақдим этади. Унинг наздида, давлатнинг ҳақиқий асоси – комил инсон ва унинг энг қудратли қуроли – қаламдир.
Ҳофиз Таниш Бухорий ўз асарини анъанавий ҳамду сано билан бошлаб, шу ўринда Яратганнинг инсонга берган энг улуғ неъмати – нутқ, яъни сўзлаш қобилияти эканини алоҳида таъкидлайди. Унингча, айнан сўз туфайли инсон “жаҳонни ёритадиган гавҳар”га айланади. Муаллиф бутун инсоният тарихини “сўз чизими боғланган ҳадис риштасининг бошидир” дея таърифлайди. Бу – давлатчилик ва жамият ҳақидаги янгича қараш. Унга кўра, жамиятни бошқарувчи ва унинг тараққиётини белгиловчи асосий куч – бу моддий бойлик ёки ҳарбий қудрат эмас, балки теран фикр, аниқ ифода этилган ғоя ва адолатли сўздир. Ҳофиз Таниш “бору йўққа баробар нур сочувчи” ва “уст ва остга баробар ёғувчи булут” дея айнан сўзни келтиради. Бу билан у салтанатнинг барча табақаларига – хоҳ у юқори мансабдор, хоҳ оддий фуқаро бўлсин – бирдек етиб борувчи ва таъсир этувчи восита сўз эканига ишора қилади.
Тарихчи ўз асарида “қалам” ва “қилич”ни тез-тез қиёслаб, уларнинг давлат ҳаётидаги ўрнини белгилашга уринади. Бир қарашда, у “қалам ўрнига қўлингга кўкракни тешиб ўтадиган найза ол!” дея хитоб қилгандек бўлади. Аммо бу шунчаки ҳарбий риторика эмас, балки контекстни чуқурроқ англашни талаб қиладиган бадиий санъатдир. Ҳофиз Танишнинг асл мақсади – ҳар бир нарсанинг ўз ўрни ва вазифаси борлигини кўрсатиш. Унинг фикрича, “агар ханжар душман юзига яшиндек ўтли бўлиб кулиб боқмаса, ҳамма биладики, маъракада қаламнинг йиғлаши билан ҳеч нарса чиқмайди”. Яъни, ташқи таҳдидлар мавжуд бўлганда қилич керак. Аммо мамлакат ичкарисидаги барқарорлик, адолат ва тараққиётни қаламсиз, яъни илм, маърифат ва аниқ ёзилган қонунларсиз таъминлаб бўлмайди. “Агар икки тилли қалам чиройли ва ширин сўзловчи бўлса ҳам, уни тиғ билан алоқаси йўқдир” дея, у ҳар иккисининг ўз вазифаси борлигини яна бир бор тасдиқлайди.
XVI аср шароитида ҳукмдорнинг саводхонлиги, ёзув-чизувдан хабардорлиги унинг юксак маданиятлилиги ва кенг дунёқарашидан далолат берган. Ҳофиз Таниш Абдуллахоннинг нафақат буюк саркарда, балки ўткир қалам соҳиби эканини ҳам фахр билан тилга олади. Унинг ёзишича, хон “тиришиш қаламини ўзини машаққатга солиш билан ёриб, тоқат мақатида кесди”. Бу ўринда “мақат” – қалам учини кесиш учун ишлатиладиган махсус асбобдир. Яъни, ҳукмдор ёшлигиданоқ хаттотлик санъатининг машаққатларини ўрганган, сабр-тоқат билан ўз ҳуснихатини мукаммаллаштирган. Тарихчи Абдуллахоннинг қалами олдида ҳатто “ёзувчи ва шоирлар ҳомийси” ҳисобланган Уторид (Меркурий) сайёраси ҳам “ўзидан кетишини”, машҳур хаттот “Ёқутнинг қалами уялиб бошини эгишини” ёзиб, унинг бу соҳадаги маҳоратига юксак баҳо беради. Бу тасвирлар орқали биз Абдуллахон шахсиятининг бутунлай бошқа, ижодкор ва зиёли қиррасини кашф этамиз.
Ҳофиз Таниш учун “сўз” ва “қалам” – бу шунчаки мулоқот ёки ёзув қуроли эмас. Улар – салтанатни мустаҳкамловчи, адолатни қарор топтирувчи ва келажак авлодларга ибрат қолдирувчи воситалардир. У “илм дарёсидан ўтиш – иборалар кечувчи билан бўлади” дея, мураккаб илмий ҳақиқатларни ҳам халққа содда ва тушунарли сўзлар орқали етказиш мумкинлигига ишора қилади. Унинг назарида, агар илм гавҳари сўз безаги билан зийнатланмаса, у олимнинг зеҳнидан ташқарига чиқмайди, жамиятга фойда келтирмайди. Шу сабабли ҳам Абдуллахон саройида Ҳофиз Таниш каби сўз усталари, тарихчилар ва шоирлар юксак қадрланган. Уларнинг вазифаси шунчаки хоннинг ғалабаларини мадҳ этиш эмас, балки унинг бунёдкорлик ишларини, адолатини, мамлакат ободончилиги йўлидаги саъй-ҳаракатларини тарих муҳри билан келажакка етказиш эди.
Хулоса қилиб айтганда, “Абдулланома” – бу шунчаки жангномалар солномаси эмас. Бу – XVI асрда Туронда давлатчилик, жамият ва инсон ҳақида қандай теран фалсафий қарашлар мавжуд бўлганини кўрсатувчи ноёб меросдир. Ҳофиз Таниш Бухорий бизга куч ва қудрат фақат қиличда эмаслигини, ҳақиқий боқийлик – бунёдкор ғоялар, адолатли сўз ва авлодлар учун ибрат бўладиган ёзма меросда эканини уқтиради. Бугунги кунда, ахборот ва билим энг олий қадриятга айланаётган бир даврда, аждодларимизнинг сўз қудратига бўлган бундай юксак эътибори биз учун катта ибрат манбаидир.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА