Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ходимнинг ҳомиладорлик нафақаси суд буйруғи асосида ундирилди
18:52 / 2026-01-07

Сардоба туман тиббиёт бирлашмасида меҳнат қонунчилиги талаблари бузилиши оқибатида ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққан ходимга белгиланган нафақа адлия органлари аралашуви ҳамда суд буйруғи асосида ундирилди. Фуқаро фойдасига қарийб 12 миллион сўм маблағ тўлаб берилиши белгиланди.

Мазкур ҳолат Сардоба туман адлия бўлими томонидан туман тиббиёт бирлашмасида ўтказилган мониторинг натижасида аниқланди. Аниқланишича, раҳбарият томонидан йўл қўйилган эътиборсизлик оқибатида патронаж ҳамшираси лавозимида фаолият юритган фуқаро М. А. 2025 йил 31 октябрь куни ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққан бўлса-да, унга ҳисобланган 11 861 010 сўм миқдоридаги нафақа маблағлари ўз вақтида тўлаб берилмаган.

–  Ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари қонунчиликда кафолатланган ижтимоий тўлов турига киради,  –   дейди Сардоба туман адлия бўлими бошлиғи Илҳом Юнусов.   –  Чунки  иш берувчи ўз молиявий аҳволидан қатъи назар, бундай нафақаларни белгиланган муддатларда тўлиқ тўлаб бериши шарт. Адлия органлари эса ходимларнинг, айниқса аёллар ва оналик ҳуқуқларининг бузилишига нисбатан бефарқ бўлмайди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 314-сон қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар белгиланган тартибда ва ўз вақтида тўланиши лозим. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 244-моддасида иш берувчининг ходимлар олдидаги тўлов мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилган.

Шунга қарамай, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти томонидан мазкур талабларга риоя этилмаган. Натижада Сардоба туман адлия бўлими томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Оқолтин туманлараро судига даъво аризаси киритилди.

Суд буйруғига асосан туман тиббиёт бирлашмасидан фуқаро М. А. фойдасига 11 861 010 сўм қарздорлик, 20 600 сўм почта харажатлари ҳамда давлат фойдасига 474 440,40 сўм миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири