Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ходимнинг 111 миллион 901 минг сўм иш ҳақи мажбурий тартибда ундирилди
15:40 / 2025-07-17

Мажбурий ижро бюроси Чилонзор тумани бўлими иш юритувига Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг ижро варақасига асосан қарздор "J.L" масъулияти чекланган жамиятидан собиқ ходим A.Ш. фойдасига 111 миллион 901 минг сўм иш ҳақини мажбурий тартибда ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган.

Мазкур ижро иши бўйича давлат ижрочиси томонидан  қарздорга тегишли тартибда огоҳлантириш берилган.

Бироқ қарздор ижро варақасида кўрсатилган мажбуриятни   бажармай, собиқ ходимга иш ҳақини қоплаб бермаган.  

Шундан сўнг давлат ижрочиси томонидан мажбурий ижро ҳаракатларига киришилиб, қарздор фармацевтика корхонасига тегишли бўлган мол-мулк ва ҳисоб рақамларига банд солинган.  

Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида собиқ ходим фойдасига 111 миллион 901 минг сўм иш ҳақи  ундириб берилди.  

Бундан олдин суднинг ижро варақасига асосан қарздор "T.K.S.I." масъулияти чекланган жамиятидан фуқаро К.М. фойдасига 51 миллион 37 минг сўм ва фуқаро М.Т. фойдасига 41 миллион 37 минг сўм иш ҳақи мажбурий тартибда ундирилган эди.  

Суднинг ижро варақасига асосан қарздор “O`.N.G” акциядорлик жамиятидан  фуқаро М.А. фойдасига қарийб 280,5 миллион сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган бошқа тўловлар кечиктирилгани сабабли пулли компенсация ҳамда моддий ва маънавий зарар ундирилган.  

Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларига фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни ҳал қилиш бўйича олиб борилган ишлар натижасида 3,5 мингга яқин фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Н.Абдураимова, ЎзА