Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ходимни мажбуран ишдан бўшатиш мумкинми?
18:09 / 2022-06-14

Ҳуқуқий муносабат

Амалиётда бу каби ҳолатлар кўп учрайди? Ўзи бундай тушунча қонунда ўз аксини топганми? Шу каби саволларга Тошкент давлат юридик университети Юридик клиника ходими Муҳриддин Шамсиддинов жавоб берди. 

– Юридик клиникамизга ҳам бу каби мурожаатлар такрорланиб туради. Ўзи аслида, Меҳнат кодексининг 99-моддасига кўра, ходим ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишда ходим меҳнат шартномасини икки ҳафта олдин ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақли эканлиги келтириб ўтилган. 

Меҳнат шартномасини бекор қилишга ходим шу корхонадаги ишни ҳақиқатда ташлаб кетиш истагини билдирган ёзма аризасига биноан йўл қўйилади. 

Ариза эса уни ёзувчи шахснинг хоҳиш-истагини ифодаловчи мурожаат эканлигини унутмаслигимиз лозим. Агар ходим ҳақиқатдан ҳам иш берувчининг босими билан, ғайриихтиёрий равишда ариза ёзган бўлса, бу ҳужжат 99-моддада келтирилганидек ходимнинг ташаббуси хусусиятини йўқотади.  

– Бу каби ҳолатларда ходимларнинг қандай ҳуқуқлари бор?  

– Агар ушбу ҳолатларда ходимнинг манфаатлари юзасидан биз судга даъво ариза ёзиб берадиган бўлсак, суд ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови остида берганлигини, албатта, текшириб кўради. 

Ушбу ҳолатларда судлар Олий суди пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги қарорига кўра Судлар даъвогарнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови натижасида берганлиги тўғрисидаги важларини синчковлик билан текширмоқлари лозим. Шу қарорга асосланиб, ходимдан босим билан олинган ариза асосида чиқарилган буйруқни ноқонуний деб, топиши мумкин.  

Бундан ташқари, Адлия вазирлиги томонидан 1999 йилнинг 14 июнида 746-сон билан давлат рўйхатига олинган идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар корхона, муассаса, ташкилот ички меҳнат тартибининг намунавий қоидаларида ходимнинг берган аризаси рўйхатга олиниши шартлиги кўрсатилган. Агар ходимнинг аризаси иш берувчи томонидан рўйхатга олинмаган бўлса, бу камчилик ҳам ходимнинг аризани мажбуран ёзганлиги тўғрисидаги талабини исботлашга ёрдам бериши мумкин. 

– Агар юқоридаги каби ноқонуний ҳаракатлар бўлганда ходим ишга тикланиши мумкинми?  

Ходимнинг аризасига асосан ишдан бўшатиш ҳолатларида, юқоридаги каби талаблар бузилганда, хусусан мажбуран ариза ёздирилганда, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ суд томонидан бекор қилиниб, ходим ўз ишига тикланиши мумкин. 

 Гулноза Бобоева, ЎзА