Андижон шаҳридаги “Navruz Mall” савдо комплексида фавқулодда вазиятларга тайёргарликни ошириш мақсадида ўқув-амалий тактик машғулот ўтказилди.
Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари, полковник Рустам Жумаев, вилоят бошқармаси бошлиғи, полковник Бунёд Эгамназаров, ҳамкор ҳамда давлат қуйи тизимига кирувчи корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирок этган ўқув-тактик машқда соҳа вакилларининг касбий маҳорати, тезкорлиги, белгиланган вазифани қай даражада уддалаши синовдан ўтказилди.


Машқ давомида савдо мажмуасида шартли равишда юзага келган фавқулодда вазият шароитида ёнғин-қутқарув қисмлари шахсий таркибининг тезкор ҳаракат қилиши, ёнғинни бартараф этиши, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиши ҳамда мажмуа ходимлари ва ташриф буюрувчиларни хавфсиз эвакуация қилиш бўйича амалий ҳаракатлар бажарилди.


Жараёнда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, унинг қуйи тизимлари шахсий таркиби ҳамда бошқа хизматлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, куч ва воситаларнинг шайлиги амалда синовдан ўтказилди.

Машқ якунида мутасадди раҳбарлар томонидан натижалар таҳлил қилиниб, йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда фавқулодда вазиятларга тайёргарликни янада кучайтириш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари