Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ходимларга зарур бўлган шароитларни яратиш иш самарадорлигини оширади
16:51 / 2022-10-11

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов бошчилигидаги делегация Бельгияда амалий ташриф билан бўлиб турибди.

Даставвал, делегация вакиллари Брюсселда Жаҳон божхона ташкилотининг “Ишда фаровонлик – инсон капиталига ғамхўрлик демакдир” шиори остидаги Халқаро конференциясида иштирок этди.

Ундан сўнг, Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов ва Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микурия билан икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, томонлар 2021 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини ва аниқ чора-тадбирларни белгилаб олишган эди. Ўтган қисқа фурсатда Ўзбекистоннинг Жаҳон божхона ташкилотида доимий вакили тайинланди.

– Бизнинг олий мақсадимиз – ходимларга зарур бўлган барча шароитларни яратиш, ижтимоий ҳимояни кучайтиришдан иборатдир – деди Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов. – Барчамизга маълумки, ходим учун қулай иш шароити яратилмас экан, ходимнинг ўзи ушбу шароитни яратиш мақсадида коррупцияга қўл уради. Бу борада хорижий тажрибани ўрганиш учун биз Бирлашган Араб Амирликлари, Корея, Туркия, Озарбайжон, Грузия ва қўшни давлатларда бўлиб, ҳар бир давлатда ходимларнинг иш самарадорлигини ошириш бўйича тажрибасини пухта ўрганиб чиқдик. Бу борада ўзимизнинг моделимизни ишлаб чиқдик. Биз мазкур йўналишларда чекланиб қолмай, божхона ходимлари салоҳиятини ошириш борасидаги ислоҳотларни давом эттиришдан бир дақиқа ҳам тўхтамаймиз.

Давлат божхона қўмитаси раиси Жаҳон божхона ташкилоти билан ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида бир қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, кадрларни тайёрлаш, инсон ресурсларини ривожлантириш йўналишларида Жаҳон божхона ташкилоти мутахассисларининг Ўзбекистонда божхона органлари ходимларининг ўқув жараёнидаги иштирокини кучайтириш, Жаҳон божхона ташкилотининг ҳудудий ўқув марказларида Божхона институтининг профессор-ўқитувчилари учун мунтазам амалиётларни йўлга қўйиш, Жаҳон божхона ташкилотининг навбатдаги йиллик “PICARD” нуфузли халқаро конференциясини Ўзбекистонда ўтказиш таклифи билдирилди.

Жаҳон божхона ташкилотида Давлат божхона қўмитаси ходимларининг аккредитациядан ўтиши ва доимий тарзда мазкур ташкилотда фаолият олиб боришлари масаласи ҳам учрашувда атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, ташкилот доирасида халқаро даражадаги йирик тадбирларни Ўзбекистонда ўтказиш таклифи билдирилди. Ўз ўрнида мазкур таклифлар К.Микурия томонидан қизғин қарши олиниб, қўллаб-қувватланди.

Бугун Гибрид форматда ташкил этилган Глобал конференцияда 150 дан зиёд давлатдан 1200 нафар иштирокчи бевосита ва онлайн тарзда иштирок этмоқда.

Конференция доирасида Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микуриянинг фақатгина Ўзбекистон делегацияси билан икки томонлама учрашув ўтказганининг ўзи ҳам мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида божхона соҳасида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар халқаро жамоатчиликнинг диққат марказида эканлигини англатади.

ДБҚ раиси ўз чиқишида мамлакатимизда сўнгги йилларда давлат божхона хизмати органлари ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб яшаш ва хизмат шароитларини муҳайё қилиш, ходимларнинг ўзларини тўла намоён қилишларига имкон бериш, пировардида уларда ўз касбига садоқат ва даҳлдорлик ҳиссини кучайтириш борасида қилинган ишлар юзасидан атрофлича тўхталиб ўтди.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида бугунга келиб халқаро сертификатга эга бўлган хорижий тилларни билувчи божхона ходимлари сони 5 баробарга, илмий изланишлар олиб бораётган ходимлар сони 2 баробарга ортди, 700 дан ортиқ ходимлар Жаҳон божхона ташкилотининг масофавий таълим платформаси орқали таҳсил олиб, халқаро сертификатларга эга бўлишди.

Табиийки, бу божхонадаги асосий кўрсаткичларнинг ошишига ижобий таъсир ўтказмоқда. Масалан, ҳозирга келиб давлат бюджетига ундирилган божхона тўловлари 4 баробарга, божхона қонунчилигини бузулиши ҳолатларини аниқлаш 7 баробарга, хусусан гиёҳванд моддаларни аниқлаш 2,3 баробарга, нақд хорижий валюталарни аниқлаш 9,3 баробарга ортди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА