Сирдарё вилоятидаги “Гулистон нефть базаси” масъулияти чекланган жамиятда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун ва 9-декабрь — Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан ходимлар учун ҳуқуқий саводхонлик тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Сирдарё вилоят Адлия бошқармаси бош маслаҳатчилари Бунёд Абдухалилов ва Темурмалик Ҳазратқулов иштирок этишди. Иштирокчилар Конституциянинг янги таҳриридаги асосий ўзгаришлар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳамда коррупцияга қарши курашишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича маълумот олдилар.

Бунёд Абдухалилов таъкидлашича, Конституция жамият тараққиёти ва инсон қадри учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларда шаффофликни таъминлаш, коррупцияга қарши самарали курашиш ҳамда қонун устуворлигини амалга оширишда асосий аҳамиятга эга.

Давра суҳбати давомида ходимлар билан савол-жавоблар ташкил этилди, ҳаётий мисоллар орқали ҳуқуқий тушунчаларни янада чуқурроқ ўзлаштириш имкони яратилди. Иштирокчилар қонунийлик, фуқаролик масъулияти ва очиқликни таъминлашнинг аҳамиятини алоҳида қайд этдилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири