2026 йил 15 январдан 28 февралгача республика миқёсида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади. Бу Президентнинг 2025 йил 19 сентябрдаги «Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан белгиланган. Тадбир аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари, қишлоқ хўжалиги ҳолати ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш истиқболларини баҳолаш учун зарур маълумотлар базасини шакллантиришга қаратилган.
Фармонга мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари 15–31 январь кунлари ўз ходимларини census.stat.uz портали орқали онлайн рўйхатдан ўтказиши шарт. Шунингдек, олий таълим муассасалари, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи бошқа ташкилотлар ҳам рўйхатга киритилади. Мақсад — аҳоли ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги маълумотларни ягона статистик базага интеграция қилиш ва республиканинг ижтимоий ҳамда иқтисодий ривожланишини самарали режалаштириш.

Шу муносабат билан Сирдарё вилоят адлия бошқармасида «Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш» мавзусида семинар ташкил этилди. Унда рўйхатга олиш жараёни, маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш механизмлари ҳамда аҳоли билан ишлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар муҳокама қилинди.
Семинарда иштирок этган Сирдарё вилоят статистика бошқармаси мутахассиси Сирожиддин Азимов ва тегишли соҳа ходимлари республика ва вилоят даражасидаги тайёргарлик ишлари ҳамда тадбирни ўтказиш тартиботлари ҳақида батафсил тушунтириш беришди. Шунингдек, иштирокчиларга онлайн рўйхатдан ўтиш жараёни, порталда ҳисоб юритиш, маълумотларнинг хавфсизлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича амалий кўрсатмалар тақдим этилди.

Рўйхатга олишда ишловчи ходимларни рағбатлантириш, уларнинг асосий иш жойи ва ойлик иш ҳақи сақланиши ҳамда «Маҳалла еттилиги» тизими орқали тадбир самарадорлигини ошириш механизмлари бўйича ҳам сўз юритилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири