French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ходим устама ҳақини адлия ёрдамида олди
11:44 / 2025-09-03

Сирдарё вилояти Ховос туманида жойлашган 1-сон спорт мактаби шифокори Норқўзи Норқулов мактаб маъмуриятидан 2025 йил январь–апрель ойлари учун белгиланган устама пулларини ололмаётгани боис туман адлия бўлимига мурожаат қилди. Мурожаат ижобий ҳал этилиши белгиланди.

Туман адлияси ўтказган текширув шуни кўрсатдики, Норқўзи Норқуловга белгиланган тартиб асосида устама ҳақлари ҳисобланган бўлса-да, амалда тўлаб берилмаган. Вазирлар Маҳкамасининг 211-сон қарорига мувофиқ, спорт мактаблари ходимларига юқори спорт натижаларига эришган тақдирда ҳар ойлик устама тўланиши белгиланган. Шунингдек, Меҳнат кодексининг 244-моддаси ходимнинг бажарган меҳнати учун ҳақ олмасдан қолмаслигини кафолатлайди.  

Шундан сўнг, туман адлия бўлими фуқаронинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Боёвут туманлараро судига даъво аризаси киритди.  

Суд даъвони қаноатлантириб, ходим фойдасига 31 464 510 сўм иш ҳақини ундирди. Шунингдек, мактаб томонидан давлат фойдасига 1 258 580 сўмдан ортиқ давлат божи тўланиши белгиланди.  

Ховос туман адлия бўлими бошлиғи Элёр Аманбаев бу ҳолатга муносабат билдириб шундай деди:

– Адлия органлари фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга масъул. Ҳар бир ходим ўз меҳнати учун белгиланган ҳақни тўлиқ олиши керак, суд қарори эса адолатга ишончни мустаҳкамлайди.

Шу тариқа, спорт мактаби ходими Норқўзи Норқуловнинг меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ ҳуқуқлари суд орқали тикланди ва манфаати ҳимоя қилинди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири